Машғулотлар уй шароитида, масофавий тарзда давом этмоқда
Спортнинг ушбу турини ривожлантиришда эътибор нафақат ёшларга, балки катталарга ҳам қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Шинкиокушинкай Каратэ Маркази “NUR-HAS”нинг Бухоро вилояти вакиллари спорт ва жисмоний соғлом турмуш тарзини ёшлар орасида кенг тарғиб қилмоқда.
Спортнинг ушбу турини ривожлантиришда эътибор нафақат ёшларга, балки катталарга ҳам қаратилмоқда. Хусусан, катта ёшдаги жисмонан соғлом бўлишни хоҳловчилар “NUR-HAS” Каратэ маркази томонидан яратилган имкониятга асосан тўлиқ марказ ҳисобидан бепул шуғулланмоқда.
Марказ каратэчилари доимий равишда ўз маҳоратларини ошириш йўлида нафақат республикамиздаги бошқа вилоятлар спортчилари билан, балки хорижий мамлакатларнинг малакали спортчи ва тренер-инструкторлари билан ҳам жуда яхши алоқаларни ўрнатиб келмоқда. Вилоят тренер-инструктори Учқун Авлиёқулов мана бир неча йилдирки каратэ сирларини ёшларга ўргатишда ҳамда уларни жисмонан ва руҳан соғлом бўлишларида ўз тажрибасини хорижлик мутахассислар малакасидан ҳам фойдаланган ҳолда олиб бормоқда. Хусусан, 2019 йилнинг июль-август ойларида Россиянинг Москва шаҳрида бўлиб, Жаҳон Каратэ Ташкилоти (WKO) бранчифи, 6-дан қора белбоғ соҳиби Борис Виктирович Глушинков ҳамда киокушин каратэ бўйича жаҳон вице чемпиони, 7 карра Европа, 3 карра Россия, бир неча бор Украина, 2 карра Америка ва Япония очиқ чемпионати ғолиби Александр Евгеневич Ерёменко доджо (машғулот зали)ларида ўз малакаси ва маҳоратини ошириб келди.
Жорий йил бутун дунё инсоният бошига синовли келди. Ҳозирги мураккаб эпидемиологик вазиятда инсон саломатлиги, унинг жисмонан тетик ва соғлом бўлиши ҳар қачонгиданда муҳимроқ. Айниқса, жисмонан тетик ва соғлом бўлиш учун уй шароитида доимий тарзда соғлом турмуш тарзига қатъий риоя қилиш ҳамда албатта спорт билан шуғулланиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Шинкиокушин каратэчилари ҳам вазиятни тўғри баҳолаган ҳолда спорт машғулотларини уй шароитида, масофавий тарзда давом эттирмоқда. Жумладан, вилоят шинкиокушин каратэчиларидан Учқун Авлиёқулов, Толиб ва Билол Мардановлар яқинда жаҳон вице чемпиони Александр Ерёменко томонидан ZOOM дастури ёрдамида ташкил қилинган 3 ойлик онлайн машғулотларни муваффақиятли якунлаб, сертификатга эга бўлди.
Онлайн машғулотлар давом этмоқда.
