English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Masdar компанияси Ўзбекистон гидроэнергетика соҳасига кириб келмоқда
13:19 / 2024-03-14

Экологик тоза энергия соҳасида дунёдаги етакчи компаниялардан бири бўлган Abu Dhabi Future Energy Company – Masdar (БАА) ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ўртасида шартнома имзоланди. Ҳужжат электр таъминотидаги узилишлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга қаратилган. Шартнома доирасида Ўзбекистон бўйлаб гидроаккумуляторли гидроэлектр станцияларини қуриш имконияти ўрганилади.

Халқаро гидроэнергетика уюшмаси маълумотларига кўра, гидроаккумуляторли гидроэлектр станциялар дунёдаги энергия сақлаш қувватларининг 90 фоизини ташкил қилади. 2030 йилга бориб уларнинг қуввати 240 ГВт га етиши мумкин. Экологик тоза энергия соҳасида кўплаб лойиҳалар (2023 йил декабрда мамлакатимиз энергия тизимига Masdar компаниясининг қуёш ва шамол энергетикаси соҳасидаги умумий қуввати 1,4 ГВт бўлган  ишланмалари жорий этилган) амалга оширилаётган бўлса-да, мазкур имзоланган шартнома Masdar компаниясининг Ўзбекистон гидроаккумуляторли электр станциялар соҳасига кириб келишини англатади.  

– Биз гидроаккумуляторли гидроэлектр станциялари орқали Ўзбекистоннинг   иқлим бўйича мақсадларига эришишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирларда ўз иштирокимизни кенгайтиришдан фахрланамиз,  – дейди Masdar компаниясининг бош ижрочи директори Муҳаммад Жамил Ал Рамоҳий.      

Ўз навбатида, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Фозил Маҳмудов ушбу тадбир Ўзбекистон гидроэнергетикаси ривожида янги саҳифа очиб беришини таъкидлаб, мамлакатимиз тоза ва қайта тикланувчи энергия манбаларига асосланган барқарор ва узоқ муддатли  энергетика тизими тарафдори эканлигини қайд этди.  

Узоқ муддатли стратегияга кўра, 2030 йилгача мамлакатимиз умумий энергетика балансида гидроэнергетика улушини  сезиларли даражада ошириш режалаштирилган. Шу боис, янги гидроэлектр станциялар ва гидроаккумуляторли гидроэлектр станциялар қуришга, мавжудларини  модернизация қилишга, инфратузилмани яхшилашга ва соҳага инвестицияларни жалб қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш лозим.  

Н. Зиёдуллаева, ЎзА