БААнинг “Masdar” компанияси Энергетика вазирлигининг ишончли ҳамкорларидан бирига айланиб улгурди.
Айниқса, ушбу компания 2021 йилнинг август ойида Навоий вилоятида фойдаланишга топширилган қуввати 100 МВт бўлган Ўзбекистондаги биринчи қуёш фотоэлектр станцияси лойиҳасини муваффақиятли амалга оширгани фикримиз исботидир.
Энергетика вазирлигида “Masdar” компанияси бош директори Муҳаммад Жамил Ал-Рамоҳи бошчилигидаги делегация аъзолари билан ўтказилган музокаралар ҳам ана шундай мустаҳкам алоқаларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.
Унда томонлар амалга оширилаётган лойиҳаларнинг бориши, шунингдек, бир қатор йўналишлар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, қайта тикланувчи энергетика объектларида ишлаб чиқариладиган энергияни сақлаш технологиялари ҳақида сўз юритди.
Энергетика вазирлиги матбуот хизматига кўра, “Masdar” компанияси мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида умумий қуввати 1 497 МВтга тенг бўлган қатор лойиҳаларни, жумладан, Самарқанд вилоятида 220 МВт, Жиззах вилоятида 220 МВт, Сурхондарё вилоятида 457 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станциялари ва Навоий вилоятида 500 МВт қувватли шамол электр станцияларини амалга оширишни режалаштирмоқда.
ЎзА