Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Махсуд Муҳаммедов маҳаллий Кенгаш депутатлари билан биргаликда Бухоро вилояти Ғиждувон туманида жойлашган 5-сон мактабгача таълим ташкилотида бўлди. Депутатлар муассасада тарбияланаётган болажонлар учун яратилган шарт-шароитлар, таълим-тарбия жараёнининг сифати, моддий-техник база ҳамда муассаса фаолиятининг умумий ҳолати билан яқиндан танишди.
Маълумки, ушбу мактабгача таълим ташкилоти 1939 йилда ташкил этилган бўлиб, узоқ йиллар давомида бир неча авлод болаларини тарбиялаб келаётган таълим маскани ҳисобланади. Бироқ бугунги кунда муассасанинг мавжуд биноси замонавий талабларга тўлиқ жавоб бермаслиги, биноларнинг жисмоний эскиргани ва инфратузилманинг чекланганлиги туфайли янги, замонавий бинога эҳтиёж мавжуд. Айни пайтда мазкур муассасада 70 нафар болажон мактабгача таълим ва тарбия билан қамраб олинган.

Депутатлар муассасанинг моддий-техник ҳолати, гуруҳ хоналари, ошхона, уйқу хоналари ҳамда болалар учун яратилган санитар-гигиеник ва хавфсизлик шароитларини атрофлича ўрганди. Аниқланган муаммолар юзасидан туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъул мутасаддилари жалб этилди ҳамда янги бино қуриш масаласи юзасидан амалий муҳокамалар олиб борилди.
Мазкур масала Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати томонидан алоҳида назоратга олиниб, болажонлар учун замонавий, қулай, хавфсиз ва барча талабларга жавоб берадиган янги мактабгача таълим ташкилотини барпо этиш мақсадида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда тизимли ишлар олиб борилиши таъкидланди.

Шунингдек, депутатлар Ғиждувон туманидаги 46-сон умумтаълим мактабида ҳам бўлиб, таълим сифати, ўқув-тарбия жараёнининг ташкил этилиши, мактаб муҳити ва педагогик фаолият ҳолатини ўргандилар. Ўқувчиларни сифатли таълим билан қамраб олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, мактаб ва ота-оналар ўртасидаги ҳамкорликнинг самарадорлиги, ўқувчилар билимини баҳолаш тизими, педагоглар фаолиятида рақамли технологияларни жорий этиш ҳолати атрофлича таҳлил қилинди.
Депутатлар тарбия фани ўқитувчилари билан учрашиб, дарсларнинг ташкилий жараёни, таълим жараёнида учраётган муаммолар ва уларни бартараф этиш механизмлари юзасидан фикр алмашдилар. Суҳбат давомида ўқувчиларнинг ёши ва психофизиологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда, уларнинг онгига умуминсоний қадриятлар, юксак маънавият, миллий ғурур ва фуқаролик масъулиятини сингдириш, ёш авлодни ватанпарварлик ва инсонпарварлик руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, мактабларда маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларини замонавий педагогик ёндашувлар асосида ташкил этиш, инновацион усуллардан фойдаланиш, таълим сифатини оширишга қаратилган дастурлар ижроси ҳам ўрганилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири