Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марзия Фармонова: “Ҳарбий хизматчилар оила аъзоларини ўқитишга қаратилаётган эътибордан мамнунмиз”
13:08 / 2022-04-04

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги “Асл Сурхон” мономаркази ҳудуддаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларининг банд бўлмаган оила аъзоларига турли касб сирларини ўргатиб, иш билан таъминлашга кўмаклашмоқда.

Мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаб, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш ва жамиятдаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ҳарбий қисмда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг вақтинча ишсиз бўлган 50 нафар оила аъзоси мономарказда фаолият юритаётган “Тикувчилик”, “Уй ҳамшираси”, “Сартарошлик”, “Компютер саводхонлиги” каби курсларда ўқиб, ўзлари танлаган касб сир-асрорларини ўрганди. 

Шу муносабат билан замонавий мономарказда тинчлигимиз посбонларининг оила аъзоларига сертификатларни топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Сурхондарё вилояти хотин – қизлар тадбиркорлик маркази директори Нуқулжон Юсупова, Жанубий оператив қўмондонлиги хотин – қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оилалари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассиси Дилором Адилова ҳамда бошқалар юртимизда сўнгги йилларда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳақида атрофлича сўз юритди. Хотин-қизларни банд қилишнинг аҳамияти тўғрисида фикр алмашди. 

– Президентимиз биз, аёлларга алоҳида эътибор қаратаётганидан жуда мамнунмиз, – дейди ҳарбий хизматчи Салим Тўқсоновнинг турмуш ўртоғи, тикувчилик йўналиши бўйича касб ўрганган Марзия Фармонова. –Мономарказ Шеробод туманининг тоғ ён бағрида жойлашган ҳарбий қисмга унча узоқ бўлмагани вақтинча ишсиз аёллар учун жуда қўл келди. Улар қатори мен ҳам тикувчилик курсида ўқиб, соҳани яхши ўрганиб олдим. Мана тегишли сертификатга ҳам эга бўлдим. Энди ҳарбий шаҳарчада тикувчилик цехини очиб, ўзим сингари аёлларнинг бандлигини таъминлайман. Бу ерда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун бежирим кийим-кечак ва бошқа тикувчилик буюмлари тайёрлашни йўлга қўямиз. 

Шу куни уч нафар ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоғи мономарказга ишга қабул қилинди. Мономарказда вақтинча ишсиз, кам таъминланган, “темир дафтар” ва “аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизлар ҳам ўнга яқин йўналиш бўйича ўқитилиб, бандлигини таъминлашга ёрдам берилмоқда. 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА