Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Президентимиз фармони билан Андижон шаҳридаги Президент мактабининг кимё фани ўқитувчиси Марсден Аббей Николе “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш, хусусан, таълимнинг барча босқичларида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўқитишнинг илғор услублари, хорижий тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш, мазкур жараёнда хорижлик мутахассислар хизматидан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ана шундан келиб чиқиб, айни кунда юртимиздаги қатор таълим муассасаларида хориждан таклиф этилган кўплаб мутахассислар самарали фаолият юритмоқда. Улардан бири Андижон шаҳридаги Президент мактабининг кимё фани ўқитувчиси Марсден Аббей Николедир.
Марсден Аббей Николе асли канадалик ёш педагог мутахассисдир. У Канададаги Жанубий Онтария университетини тамомлаган.
[gallery-25406]
Марсден Аббей Николе 2021 йилдан мамлакатимизда фаолият юритиб келади. Аввал Тошкент шаҳридаги, кейин Хивадаги Президент мактабларида ишлаган мутахассис ўтган йилдан бошлаб, Андижон шаҳридаги Президент мактабида фаолият юритмоқда. Юртимизга келгунга қадар у Колумбия, Ҳиндистон сингари қатор давлатлардаги мактабларда ишлаган.
Биз билан суҳбатда Марсден Аббей Николе ўз фикрлари, таассуротлари билан ўртоқлашди:
– Интернетда эълон қилинган танловда қатнашиб, ғолиб бўлгач, Ўзбекистонга ишга келганимда кўнглимда “Бу ерда ишлаб кета олармиканман”, деган ҳадик бор эди. Кўрдимки, Президент мактабларида яратилган шароитлар барча халқаро талабларга тўла жавоб беради. Айниқса, ўзбек халқининг сахий ва меҳмондўстлиги мени ҳайратга солди. Дунёда бундай меҳмондўст халқ камдан-кам бўлса керак.
Президент мактабида жаҳон стандартларига мос шарт-шароитлар яратилган, самарали ишлаш учун барча имкониятлар мавжуд. Қолаверса, мактабга иқтидорли ўқувчилар танлов асосида қабул қилиниши боис ҳам дарс жараёнлари жуда самарали. Дарсларни маҳаллий ўқитувчи билан бирга ўтамиз. Ўзаро тажриба алмашамиз, энг яхши ўқитиш услубларидан фойдаланамиз. Биз фойдаланаётган услублар самарали натижа бермоқда.
Ўзбекистонлик ўқувчилар шижоатли ва қизиқувчан. Табиий фан ўқитувчиси сифатида уларнинг интилувчанлигини алоҳида эътироф этишни истар эдим. Интеллектуал қизиқувчанлик дарсларни самарали бўлишида муҳим аҳамият касб этади.
Энг муҳими, Ўзбекистон ёшлари яхши ўқиб, хориждаги нуфузли олий таълим даргоҳларида билимларини ошириб, ватанидаги ислоҳотларни самарали амалга оширишга, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшишни ўз олдиларига асосий мақсад қилиб қўйган. Улар ўзларини Ўзбекистоннинг келажаги сифатида кўришади, қалбларида қатъий ишонч бор. Менимча, бу инсон камолотидаги энг муҳим жиҳат ҳисобланади.
Ўқитиш жараёнида биз Cambridge ўқув дастури асосида дарсларни олиб борамиз. A-level тест натижаларимиз жуда ҳам яхши, ўқувчиларимиз халқаро талаблар даражасида юқори балларни олмоқда. Дунёдаги энг нуфузли олий таълим муассасаларига ўқишга киришмоқда. Бу албатта, ўзбек ёшлари юксак салоҳият эгалари эканлигини кўрсатади.
Камтарона меҳнатларим эътироф этилиб, “Дўстлик” ордени билан тақдирланишим мен учун юксак шарафдир. Ўзбекистонга ишга келиб, Ўзбекистон Президенти билан учрашиш, унинг қўлидан давлат мукофотини олишни хаёлимга ҳам келтирмаганман.
Президент билан учрашув ҳаётимдаги энг ёрқин, унутилмас воқеалардан бири бўлиб қолади. Мулоқот ва суҳбат жараёнида англаганим шу бўлдики, давлат раҳбари ўқитувчиларни чексиз қадрлар экан. Таълимга эътибор юқори, ўқитувчи қадрланган юрт, шубҳасиз тараққиётнинг энг баланд чўққиларига кўтарила олади. Мана шундай юртда ишлаётганимдан, қадр топганлигимдан чексиз бахтиёрман.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Hp7LJtIE0Qo" title="Marsden Abbey Nikole – mukofot men uchun yuksak sharaf" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари