Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маросимлар тартибга солинади
19:17 / 2025-11-01

Сўнгги йилларда жамиятда ортиқча исрофгарчилик, дабдабабозлик, шуҳратпарастлик ва меъёрдан ошиш каби салбий ҳолатлар кузатилмоқда. Хусусан, оилавий тадбирлар, тўй ва маросимларнинг ҳаддан ташқари дабдабали ўтказилиши аҳолининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларига путур етказиб, миллий қадриятларимизга зид кайфиятларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда.

Мазкур муаммоларнинг олдини олиш, жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ҳамда маромийлик тамойилларига асосланган ҳаёт тарзини қарор топтириш бугунги куннинг долзарб вазифасидир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида шу йил 14 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳалла тизимини янги босқичга олиб чиқиш, аҳолининг ижтимоий муаммоларини тизимли ҳал қилиш, жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлашга доир долзарб вазифалар белгиланди.

[gallery-26034]

Бу борада Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси ва бошқа масъул ва манфаатдор ташкилотлар ҳамкорлигида жамиятда маромийлик кайфиятини шакллантиришга қаратилган маънавий-маърифий тарғибот тадбирларини ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Унга кўра,  тарғибот ишларида долзарб 90 кунлик белгиланди. Шу муносабати билан Бухорода бўлиб ўтган тадбир вилоятда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш мақсадида ташкил этилган Маромийлик марафони доирасидаги дастлабки муҳокама бўлди.  

Мулоқотда вилоят ҳокимининг  ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Ҳафиза Артиқова ва бошқалар сўзга чиқиб, тўй-маросимларни ихчамлаштириш, ортиқча ҳашамат ва исрофгарчиликка барҳам бериш, маромийликка эришишга доир фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Таъкидланганидек, вилоят шаҳар-туманларида айни кунда “Маромийлик” лойиҳаси доирасида маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари бошланди. Унда “Қадриятлар қадр топган оила”, “Тўймисан тўй бўлди!”, “Мустаҳкам оила, бузилмас қўрғон”,  “Дабдабадан кимга фойда?” деган долзарб мавзуларда тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказилади. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари, телерадиоканал орқали тўй ва маросимларда ихчамлик, тежамкорликни тарғиб этиш мақсадида кўрсатув, лавҳа, эшиттириш ва ижтимоий роликлар тайёрлаш ва кенг тарғиб қилиш, ихчам тўйларни амалга ошираётган юртдошларимиз ҳақида кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлаш мақсад қилинган.

–Афсуски, айрим фуқаролар тўйларни ортиқча дабдаба ва ҳашамга айлантираяпти, –дейди вилоят ҳокимининг  ўринбосари– Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Ҳафиза Артиқова. –Ўзаро дийдорлашув, меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлаш, шодлик қувончини бирга баҳам кўриш, маданий ҳордиқ чиқариш каби олийжаноб вазифаларни бажариб келган тўй маросимини ўз бойликларини кўз-кўз қилиш воситаси деб билаяпти. Ваҳоланки, бу каби сохта хўжакўрсинчилик, дабдабабозлик ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда. Уларнинг миллий расм-русумларимиз тўғрисидаги тасаввурларига путур етяпти. Булар эса, охир-оқибатда асрий анъаналаримизни обрўсизлантиради. Четдан ёт ғояларнинг кириб келишига имкон яратади. Кузатишлар кўрсатаяптики, бугун вилоятда ҳам ўтказилаётган тўйлар тобора ҳашаматли тус олиб, серчиқим бўлиб бормоқда. Афсуски, айрим ота-оналар, тўйчилар урф-одат билан бидъатнинг фарқига боришмаяпти. Никоҳ тўйини қўйиб турайлик, унга қадар ҳам бир неча тўйолди маъракалар ташкил этилмоқда. Қиз томоннинг розилиги олингач, 50-60 киши чақирилиб, “катта жавоб берди” тадбири (буни “ширинхўри” ҳам дейишади) ташкил этиляпти. Сўнгра эса 100-150 киши чақирилиб, фотиҳа тўйи ўтказилади. Суннат тўйларида икки, уч хил овқат қилиш, дастурхонга спиртли ичимликларни тортиш, минглаб одамларни чорлаб, базмгоҳни тала-тўпга айлантириш ва бу билан гердайиб мақтаниш, одобнинг қайси меъёриларига мос? Никоҳ тўйларида қуда-андаларнинг минг бир олди-бердилари, бўғзигача қарзга ботиб, харажат қилишлари, тўйдан сўнг ҳеч вақт ўтмай жанжаллашишлар, ажралиб кетишлар-чи?! Ҳали бешикда ётган гўдак набираларнинг туғилган кунларини ресторанларда нишонлашлар.,,

Тадбирда якдил мақсад йўлида кучлар бирлаштирилиб, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимларининг ҳамкорликдаги меморандуми имзоланди. Мазкур ташаббус жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, ортиқча исрофгарчиликнинг олдини олиш ва миллий қадриятларимизга асосланган меъёрий ҳаёт тарзини шакллантиришга хизмат қилади.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.