Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мароқли таътилдан сўнг янги ўқув йили бошланди
18:30 / 2022-09-06

Қўлларида гул, қалбда ҳаяжон билан севимли мактаби томон ошиқаётган ўқувчи-ёшларнинг севинчлари чексиз. Кеча мамлакатимиз ёшларини ўз бағрига чорлаган барча умумтаълим мактабларида биринчи қўнғироқ садолари янгради.

Катта ғайрат ва шижоат билан мактабга қайтган устозлар ва уларнинг шогирдлари чеҳраларида жонажон масканни соғинганликлари, қалблари унга нечоғли ошуфта бўлганлиги яққол сезилиб турди.

Жумладан, Бухоро вилояти Шофиркон тумани Халқ таълими бўлимига қарашли 56 та мактабда 2022-2023-ўқув йили учун илк қўнғироқ садолари жаранг сочди. Жорий ўқув йилида туманда 3 минг 86 нафар болажонлар умумтаълим мактабларининг 1-синфига қабул қилинди. Уларга 12 турдаги ўқув қуроллари, мактаб сумкаси, дарсликлар мажмуасидан иборат “Президент совға” лари топширилди.

Айтиш лозимки, мактабларда таҳсил олаётган 24 минг 787 нафар ўқувчи иштирокида ташкил этилган “Билимлар куни” тадбирларида туман ҳокимлиги, мутасадди ташкилотлар, ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди. Ота-она бағридан чиқиб, янги ҳаёт саналмиш мактаб даргоҳига қадам ташлаётган митти қалбларнинг ҳаяжонини, қалбидаги ҳадикни илғаш осон. Бугун уларга қучоқ очган устозлар меҳрларини бериб, сабоқ бермоққа киришдилар. Жорий ўқув йилида 1-синфга қабул қилинган 3 минг 86 нафар жажжи болажонлар илк маротаба мактаб парталарига ўтирди.

Анъанавий равишда биринчи қўнғироқдан сўнг биринчи дарс “Мустақиллик дарси” бошланди. Ёш авлодни мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларга берилаётган имтиёз ва имкониятлар билан таништириш, “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” эканлигини англатиш дарснинг асосий мақсади. 

“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ўтказилган “Мустақиллик дарслари” мактаб директорлари, директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар, тарбия, тарих, она тили ва адабиёти фанлари ўқитувчилари ҳамда синф раҳбарлари томонидан олиб борилди. 

Ўқувчиларга мамлакатимизда мустақиллик йилларида, хусусан сўнгги йилларда ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, маънавий-маърифий, ташқи сиёсат ва хавфсизликни таъминлаш борасида эришилган ютуқлар, амалга оширилган ишлар мазмун-моҳияти, таълимдаги ислоҳотлар, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати ва амалга оширилиши кутилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Зеро, ҳозирги кунда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, фарзандларимизнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлаш, уларнинг қобилият ва истеъдоди, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ёшларимиз қалбида она юртга садоқат ва фидойилик туйғуларини камол топтириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Дилором Ғаффорова,

Республика Маънавият ва маърифат маркази Шофиркон туман бўлинмаси раҳбари