Бугунги кунда маънавият ва маърифат ходимлари ҳам давр талаблари асосида иш юритиш учун бутун куч ҳамда имкониятларини ишга солишаётир.Хусусан, янги урф-одатларни ҳаётга жорий этиш ва барча жабҳаларда замон талабига мувофиқ иш юритиш, ёшлар ўртасида тарғибот ишларини кучайтириш каби долзарб вазифалар ҳам соҳа мутасаддиларининг асосий диққат-эътиборида бўлаётир.
Яқинда республика ва маънавият ва маърифат марказининг Сурхондарё вилоят бўлими раҳбари Наргиза Раҳматуллаева билан суҳбатимиз кейинги ойларда амалга оширилаётган ибратли ишлар хусусида бўлди.
-Бугун жамиятимиз ҳаётида ниҳоятда муҳим бўлган масала-маромийлик маданиятини шакллантириш,яъни ҳаётда меъёрни сақлаш,исрофгарчилик ва дабдабабозлик иллатларига қарши маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш асосий вазифамиз эканлигини унутмаслигимиз зарур..Хусусан, оилавий тадбирлар,тўй ва маросимларнинг ҳаддан ташқари дабдабали ўтказилиши аҳолининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларига путур етказиб, миллий қадриятларимизга зид кайфиятларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда.Мазкур муаммоларнинг олдини олиш,жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ҳамда маромийлик тамойилларига асосланган ҳаёт тарзини қарор топдириш бугунги куннинг долзарб вазифаси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2025 йил 14 октябрь куни ўтказилган видеоселектр йиғилишида жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, фуқароларда ислоҳотларга дахлдорлик ва масъулият туйғусини ошириш, шунингдек маҳалла институтининг ролини янги босқичга кўтариш, оилавий қадриятларни асраш ҳамда ортиқча исрофгарчиликка чек қўйиш масалалари алоҳида таъкидланди.Шунингдек, ҳукуматимиз томонидан 2025 йил 16 сентябрда қабул қилинган 589-сонли қарор ҳам айни йўналишда муҳим ҳужжат бўлиб, умумий овқатланиш корхоналарида ҳосил бўладиган озиқ-овқат чиқиндиларини камайтириш, атроф-муҳитга салбий таъсирни бартараф этиш ва ортиқча исрофгарчиликларнинг олдини олишга қаратилган аниқ чора-тадбирларни белгилаб берди.
Жамиятда айнан маромийлик маданиятини кенг тарғиб этиш орқали фуқароларда меъёрни сақлаш, ортиқча исрофгарчиликдан тийилиш, шукроналик ва бағрикенглик каби юксак инсоний фазилатларни ҳаёт мезонига айлантириш, натижада жамиятда тотувлик, ҳамжиҳатлик ва маънавий барқарорликни таъминлашга эришиш кўзда тутилмоқда.Шу мақсад йўлида кучлар бирлаштирилиб, республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси, дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, оила ва хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида жамиятда маромийлик кайфиятини шакллантиришга қаратилган маънавий-маърифий, тарғибот тадбирларини ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.Дастурда белгилаб берилган вазифалар юзасидан Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетида бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида амалга оширилаётган маромийлик лойиҳаси доирасида “тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштиришда давлат ва жамоат ташкилотларининг роли” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.Бундай тадбир вилоятимизнинг барча туманларида ўтказилганлиги катта аҳамиятга эга бўлди.
Натижалар қувонарли бўлаётир.Мисол учун Сариосиё туманида истиқомат қилувчи Дилфуза Исломова хонадонида ўтказилган тўй барчага намуна бўлганлигини алоҳида таъкидлаш керак.Энг муҳими, бу тўйда куёв ва келин дабдабадан воз кечиб, фотиҳа, идиш қайтариш,тўққиз товоқ, куёв чақирди,келин чақирди, куёв жўраларини кутиб олиш каби бир қатор удумлар ўтказилмади.Шу сабабли ушбу тўйда жами 25 миллион сўм сарфланган.Тўйдан ортиб қолган маблағ ҳисобига келин ва куёв икки хонали уй сотиб олишди.
Ёш оилалар онгида китобхонлик маданиятини шакллантириш мақсадида “Китоб қиз сарпосининг безаги” номли вилоят миқёсидаги акция ташкил этилганлигини ҳам алоҳида қайд этишни истар эдим.Унда инсон тарбиясига ижобий таъсир кўрсатадиган бадиий ва тарбиявий мазмундаги китоблар жамланмасини совға қилиш анъанаси йўлга қўйилди.
Маромийлик лойиҳаси асосида ўтказилган тўй самараси ва таассуротларини билиш мақсадида Дилфуза Исломова суҳбат-ролиги тайёрланди.
Хуллас, Сурхондарёда маромийлик лойиҳасини амалга ошириш мақсадида барча куч ҳамда имкониятларимизни ишга соляпмиз.
Жовли Хушбоқов, ЎзА мухбири.