Ҳар нарсада меъёр, маром бўлгани яхши. Бу ёндашув айниқса, тўй-ҳашам ва турли оилавий тадбирларга ҳам тааллуқлидир. Республика Маънавият ва маърифат маркази қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда жамиятда маромийлик маданиятини шакллантириш мақсадида “Маромийлик” лойиҳасини амалга оширмоқда.
Шу вақтга қадар лойиҳа доирасида бажарилган ишлар ҳамда иккинчи босқичдаги режа ва вазифалар ҳақида Республика Маънавият ва маърифат марказининг ахборот хизмати раҳбари Баҳора Аҳмедова маълумот берди.
Брифингда эътироф этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2025 йил 14 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳалла тизимини янги босқичга олиб чиқиш, аҳолининг ижтимоий муаммоларини тизимли ҳал қилиш, жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг онгида ислоҳотларга дахлдорлик ва масъулият туйғусини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда сўнгги йилларда жамиятда кузатилаётган исрофгарчилик, дабдабабозлик, шуҳратпарастлик ва меъёрни сақламаслик каби салбий ҳолатларга барҳам бериш, тўй ва оилавий маросимларда ортиқча сарф-харажатларни камайтириш орқали “маромийлик” маданиятини кенг тарғиб этиш зарурлиги таъкидланди.
Ана шу топшириқлардан келиб чиқиб, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда “Нуроний” жамғармаси ҳамкорлигида жамиятда маромийлик маданиятини шакллантириш мақсадида “Маромийлик” лойиҳасига старт берилган эди.
Ушбу лойиҳанинг биринчи босқичида 6 та ҳамкор ташкилот томонидан ишлаб чиқилган 42 банддан иборат 90 кунлик дастур асосида республика бўйлаб 14 та ҳудудда тарғибот тадбирлари, ўқув семинарлари ташкил қилинди. Хусусан, Республика бўйлаб 1 минг 156 та тарғибот тадбирлари, 2 минг 514 нафар тарғиботчи учун ўқув семинарлари ташкил этилди.
Аҳолига ихчам тўйлар бўйича намунавий тавсиялар етказилди, маҳаллаларда доимий тарғибот механизми йўлга қўйилди ва тўй маросимларини тартибга солишга қаратилган махсус “Дафтар” ишлаб чиқилди. Турли ҳудудларда намунали ихчам тўй маросимлари ташкил қилиниб, амалда иқтисодий ва маданий жиҳатдан самарали модель намойиш этилди. Шунингдек, лойиҳа доирасида Ишчи гуруҳ томонидан қадриятлар зид бўлган маросимлар рўйхати шакллантирилди. Айни масалада аҳолининг фикри, қараш ва муносабатини билиш, таклифларини олиш ва умумлаштириш мақсадида махсус Telegram-бот ишга туширилди. Ҳозирда 24/7 режимида ишлаётган мазкур бот орқали жамоатчилик билан тўғридан-тўғри мулоқот йўлга қўйилиб, фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари ўрганиляпти. Амалий таклифлари, тавсиялари ҳамда эътирозлари тизимли равишда йиғиб бориляпти. Ўз навбатида лойиҳа доирасида мақолалар танлови ҳам эълон қилинди ва муваффақиятли ўтказилди. Энг сара таҳлилий мақолалар тўплам шаклида чоп этилади.
“Маромийлик” лойиҳаси доирасида ўтган йил давомида ҳамкор ташкилотлар томонидан ҳам қатор тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, масжидларда маромийлик ва тежамкорлик мавзусида мингдан ортиқ маърифий суҳбатлар ўтказилди. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан масжидлар, жамоат йиғилишлари ва маърифий учрашувлар орқали маромийлик тамойиллари, ортиқча дабдаба ва исрофнинг салбий оқибатлари юзасидан кенг қамровли тарғибот ишлари олиб борилди.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан республика бўйлаб 8 минг 695 та маҳаллада ишчи гуруҳлар шакллантирилди, ўтказилган тизимли тарғибот тадбирларида 500 мингдан ортиқ фуқаро қамраб олинди.
Ушбу тарғибот кампанияси, унинг ҳар бир жараёнидан кенг жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиб бориш мақсадида ОАВ, хусусан, теле ва радиоканаллар, босма ва электрон нашрлар орқали турли форматларда ахборот тақдим этилди.
Кўплаб медиа материаллар тайёрланиб, ижтимоий тармоқларда ўн мингдан ортиқ постлар жойлаштирилди.
2026 йилдан лойиҳа кейинги босқичга ўтди. Биринчи навбатда, ижтимоий сўровномалар, ўрганишлар, таҳлиллар асосида “маромийлик”нинг ягона илмий-методик асоси яратилади.
Иккинчи муҳим йўналиш – ҳудудий тажриба-синов модели. Пойтахтимизнинг Чилонзор тумани синов майдони сифатида белгиланиб, тўйлар, овқатланиш ва истеъмол маданияти бўйича ихчам амалий модель ишлаб чиқилади. Кейинчалик бу тажриба республика бўйлаб босқичма-босқич жорий этилади.
Учинчи устувор йўналиш ёшлар билан ишлашдан иборат. Ҳозирда олий таълим масканларида ёшлар ўртасида маромийлик бўйича ижтимоий сўровнома ўтказилмоқда. Маромийлик қадриятлари бўйича тренинг ва ижодий йўллар орқали ёшларда ҳаётий кўникма шакллантирилиши режалаштирилмоқда. Лойиҳанинг иккинчи босқичида рақамли тарғиботдан кенг фойдаланилади. Жумладан, реалити форматдаги медиа маҳсулотлар, сериаллар, қисқа метражли фильмлар орқали маромийлик онгли ва хотиржам ҳаёт модели сифатида кўрсатилиши кўзда тутилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш зарурки, мазкур ташаббус жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, ортиқча исрофгарчиликнинг олдини олиш ва миллий қадриятларимизга асосланган меъёрий ҳаёт тарзини шакллантиришга хизмат қилади.
Н.Усмонова,
ЎзА