Марокаш Подшоҳи Муҳаммад VI 8 сентябрь куни кечқурун мамлакатда содир бўлган зилзила қурбонлари хотирасига уч кунлик миллий мотам эълон қилиш бўйича кўрсатма берди. Бу ҳақда Саройдан тарқатилган баёнотда айтилган.
Мазкур қарор монарх бошчилигидаги айрим ҳукумат аъзолари, ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари раҳбарлари иштирок этган йиғилишда қабул қилинган.
Подшоҳ, шунингдек, зилзила туфайли бошпанасидан ажралган, хусусан турар-жой, озиқ-овқат ва бошқа асосий зарур нарсаларга эҳтиёжи бор барча одамларга кечиктирмасдан ёрдам кўрсатишни буюрди.
Муҳаммад VI шошилинч тарзда қисқа муддатда талафот кўрган туманларни қайта тиклаш дастурини амалга оширадиган масъул идоралараро комиссия ташкил этишга чақирди.
Йиғилиш якунида жабрдийдаларга кўмак жараёнида аввалги қирол номи билан боғлиқ Муҳаммад V Бирдамлик жамғармасидан тўлиқ фойдаланишга рухсат берилди.
Муҳаммад VI оғир кунларда Марокаш халқига ҳамдарлик, жумладан ҳар қандай ёрдам беришга тайёрлигини билдирган “биродар ва дўст мамлакатларга самимий миннатдорлик изҳор қилган”.
Сўнгги маълумотларга кўра, зилзила қурбонлари сони мингдан ошиб кетган.
ЎзА