Кейинги йилларда божхона тизимида амалга оширилаётган ишлар соҳа ривожига хизмат қилаётир. Президентимизнинг 2022 йил 27 апрелдаги «Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида соҳани рақамли трансформация қилиш, хизматлар сифати ва тезкорлигини ошириш чора-тадбирлари белгиланган эди.
Мазкур фармон ижроси доирасида ҳамда ривожланган давлатлар тажрибаси асосида ташкил этилган Божхона расмийлаштируви марказида Маълумотларни қайта ишлаш маркази, Марказлаштирилган масофавий электрон декларациялаш пости, «Call-марказ», Таргетлаш ва хавфларни мониторинг қилиш бошқармаси фаолият юритмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Божхона қўмитасида бўлиб, Божхона расмийлаштируви маркази фаолияти билан яқиндан танишди.

Ўрганишларда гувоҳи бўлинганидек, Марказлаштирилган масофавий электрон декларациялаш постида 116 нафар божхона ходимлари томонидан тадбиркорлар билан бевосита мулоқоти чекланган ҳолда товарлар масофавий расмийлаштирилмоқда. Ушбу божхона постида республика бўйича расмийлаштирилаётган жами декларацияларнинг 50 фоизи (кунига 3 мингтадан ортиқ) қамраб олинган.
Божхона қўмитасининг энг сўнгги замонавий шарт-шароитлар билан таъминланган «Call» маркази эса божхона органларида мурожаатлар билан ишлаш сифатини тубдан яхшилаб, бир кунда ўртача 700-800 га яқин мурожаатларни куну-тун қабул қилиш ва муаммоли ҳолатларни тезкор ҳал этишга хизмат қилмоқда.
Божхона қўмитасида ташкил этилган муқобили йўқ яна бир марказ – Таргетлаш ва хавфларни мониторинг қилиш бошқармасида эса Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон давлатларининг божхона хизматлари билан туну-кун ўзаро тезкор маълумот алмашинуви йўлга қўйилган.
Учрашувлар давомида Ўзбекистон ва Жаҳон божхона ташкилоти ўртасидаги фаол ҳамкорликнинг янги намунаси бўлган Марказий божхона лабораторияси билан танишилди.
М.Комилова, ЎзА