Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳридаги марказий стадион тубдан қайта қурилиб, 11 минг нафар томошабинга мўлжалланган замонавий спорт мажмуасига айлантирилади. Янги спорт иншооти нафақат футбол, балки турли спорт мусобақалари ва оммавий маданий тадбирлар ўтказишга ҳам хизмат қилади.
Мазкур лойиҳа Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги “Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳити ва инфратузилмани яхшилашга оид чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори асосида амалга оширилмоқда. Реконструкция жараёнида спорт инфратузилмасини халқаро мезонларга мувофиқ янгилаш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш каби устувор мақсадлар кўзда тутилган.

Лойиҳа Тошкент шаҳридаги “Dio arx project” масъулияти чекланган жамиятининг архитектор ва муҳандислари томонидан ишлаб чиқилган. Буюртмачи сифатида Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси” давлат муассасаси иштирок этмоқда. Қурилиш ишлари Самарқанд вилоятида фаолият олиб бораётган қурилиш ташкилоти томонидан амалга оширилмоқда.

– Янги стадионда замонавий ва қулай трибуналар, сояли жойлар, санитар узеллар, овқатланиш нуқталари, болалар учун майдончалар, шунингдек, ҳакам, ўйинчи ва матбуот вакиллари учун алоҳида хоналар, тиббий пунктлар барпо этилади, – дейди лойиҳа тақдимотида иштирок этган “Dio arx project” муҳандиси Шаҳзод Шодиев. – Шу билан бирга, электр, сув, канализация ва интернет каби муҳандислик коммуникациялари тўлиқ янгиланади.

Лойиҳа хавфсизлик жиҳатларини ҳам қамраб олган видеокузатув, ёнғинга қарши ҳимоя тизимлари, тез тиббий ёрдам хизмати ва бошқа муҳим инфратузилмалар жорий этилади. Шунингдек, стадион лойиҳасини тайёрлашда Сирдарё вилояти иқлим шароити ҳамда республика ва халқаро даражадаги мусобақаларни ўтказиш талаблари ҳисобга олинган.

– Илгариги стадион анча эскирган бўлиб, бугунги кун талабларига жавоб бермай қўйган эди. Давлатимиз раҳбарининг соҳага бўлган эътибори туфайли Гулистон шаҳрида вилоят, республика ва ҳатто халқаро миқёсдаги спорт мусобақаларини қабул қила оладиган замонавий стадион барпо этилаётгани улкан имконият. Аҳоли бундай янгиланишлардан мамнун, – дейди фахрий спортчи Шерали Ўктамов. – Энг муҳими, тақдимотда стадионнинг янги лойиҳаси жамоатчиликка манзур бўлди. Агар унга бир неча техник ўзгартиришлар киритилса, ишонаманки, бу иншоот ҳар томонлама мукаммал бўлиб, нафақат спортчилар, балки кенг жамоатчиликка ҳам маъқул келадиган спорт мажмуасига айланади.
Мутасаддиларнинг маълум қилишича, айни пайтда қурилиш ишлари бошланган. Янги спорт мажмуаси Сирдарё аҳолиси учун жисмоний фаоллик ва соғлом турмуш тарзини янада оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири