Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё сайлов округи ҳудудида жорий йилнинг 9 июль куни бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий кампанияга кўрилаётган тайёргарлик ишлари билан танишди.
Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё сайлов комиссияси аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда комиссия раиси Абдисалом Хўжақулов сайловга кўрилаётган ҳозирлик жараёнлари, округ ва сайлов участкаларида яратилган шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берди.


Вилоятда сиёсий жараённи миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган демократик тамойиллар асосида ташкил этиш ва очиқ, ошкора ўтказиш учун 861 сайлов участкаси фаолият юритмоқда. Округ ҳудудидаги сайлов участкаларига 9 минг 660 дан ортиқ комиссия аъзоси жалб этилган. Уларнинг 7 минг 619 нафари референдум ва илгари сайловларда иштирок этган фаол фуқаролар бўлиб, 4 минг 688 нафари халқ таълими ходимлари, 2 минг 44 нафари референдум ва муқаддам сайловларда қатнашган ёшлардир. Сайловни дунё стандартларига мос ўтказиш мақсадида комиссия аъзолари учун ўқув-семинарлари ташкил этилиб, уларнинг малака ва кўникмалари оширилмоқда.



Учрашувда Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев сайлов участкалари сиёсий жараённинг энг қайноқ нуқтаси эканини алоҳида таъкидлаб, шу йилнинг 9 июль куни сайловчилар барча шароитларга эга ушбу биноларда ўз хохиш-иродасини эркин ифода этиши ҳақида сўз юритди. Сайловга кўрилаётган тайёргарлик ишларига юқори баҳо бериб, сайлов участкаларини жиҳозлаш ва сайловчиларга зарур қулайликлар яратишнинг ўрни, сектор тизимида ташкил этилаётган ўқув-семинарларнинг сиёсий кампанияга пухта тайёргарлик кўриш ва уни юксак савияда ўтказишдаги аҳамияти тўғрисида фикр алмашди. Комиссия аъзолари учун округда яратилган шароитларни кўздан кечириб, таклиф ва тавсияларини билдирди. Комиссия аъзоларининг шарафли ва айни пайтда масъулиятли вазифаларига муваффақият тилади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА