Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий сайлов комиссияси раиси Сурхондарёда сайловга тайёргарлик жараёнлари билан танишди
10:12 / 2024-08-28

Сайлов–2024

Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев ва Марказий сайлов комиссияси аъзоси Александр Фарманов Сурхондарё вилоятида бўлиб, воҳада жорий йилнинг 27 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловига кўрилаётган тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишди.  

Шу куни вилоят ҳудудий сайлов комиссияси биносида яратилган шарт-шароитлар ҳам кўздан кечирилди. Вилоят ҳудудий сайлов комиссияси аъзолари билан учрашувда муҳим сиёсий кампанияга тайёргарлик кўриш ҳамда уни юқори савияда ўтказиш учун амалга ошириладиган чора-тадбирлар юзасидан тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.

Вилоятда айни пайтда сайловларга пуҳта ҳозирлик кўрилмоқда. Кампанияни миллий қонунчилигимиз доирасида очиқ, ошкора ўтказиш учун барча ишлар календарь режа асосида амалга оширилаётир. Туман, шаҳар сайлов комиссиялари, округ сайлов комиссиялари раиси, ўринбосари ва котиблари учун ўқув курслари ташкил этилиб, сайловга ҳозирлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан билим ва кўникмалари мустаҳкамланмоқда.  

Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев ва комиссия аъзоси Александр Фарманов Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари раиси, ўринбосари ва котиблари учун ташкил этилган ўқув-амалий машғулотларда қатнашиб, тренерлар ҳамда тингловчилар билан суҳбатлашди. Мулоқот чоғида мазкур ўқувлар сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш, сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар билан таништириш ва мавжуд талабларни тўлақонли бажаришда муҳим экани таъкидланди. Таклиф ва тавсиялар билдирилди.  

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири