Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев ҳамда Марказий сайлов комиссияси аъзоси Александр Фарманов Бухоро вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг сайловларини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларнинг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ўқув-амалиёт машғулотлари ҳамда ҳудудий сайлов комиссияси фаолияти билан танишди.
Марказий сайлов комиссияси раиси вилоят ҳудудий сайлов комиссия аъзолари ҳамда ҳудудий матбуот маркази учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди ва комиссия аъзолари билан суҳбатлашди. Суҳбатлар давомида сайловга тайёргарлик кўриш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан тегишли кўрсатма ва тавсиялар берди.
Шундан сўнг, Бухоро вилоятида ўтказилаётган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг сайловларини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларнинг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ўқув-амалиёт машғулотларида қатнашди.
[gallery-19185]
Мазкур ўқув-амалиёт машғулотларининг тингловчилар билан мулоқоти давомида катта сиёсий тадбир халқаро стандартларга риоя этилган ҳолда ўтказилиши кўзда тутилганлиги, ўз навбатида, сайлов жараёнларини миллий сайлов қонунчилигига мос тарзда, уюшқоқлик билан ташкил этиш учун участка сайлов комиссиялари аъзолари ҳамда сайлов иштирокчиларининг билими ва кўникмаси юқори даражада бўлиши лозимлиги қайд этилди.
Ўқув машғулотлари интерактив усулда ташкил этилиб, иштирокчилар билан мулоқот, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш тарзида ўтказилиши йўлга қўйилган. Ҳар бир мавзу бўйича савол-жавоблар, тест синовлари орқали тингловчиларнинг билимлар мустаҳкамлаб борилмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбири.