Сўнгги йилларда Марказий Осиё геосиёсий харитада фақат географик жойлашув нуқтаи назаридан эмас, балки ўз ривожланиш динамикаси, янгича сиёсий маданияти ва ҳамжиҳатлик фалсафаси билан алоҳида ўрин эгаллай бошлади.

Сабаби шундаки, минтақа давлатлари ўртасидаги ишонч, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат руҳи бугун янги босқичга кўтарилмоқда. Бу нафақат сиёсий дипломатия ютуғи, балки халқлар онгида кечаётган чуқур ўзгариш умумий тақдир ва биргаликдаги тараққиёт ғоясининг мустаҳкамланишидир.
2017 йилда йўлга қўйилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари минтақавий муносабатларни тубдан янгилади. Бу формат ташқи воситачиларсиз, очиқ мулоқотга асосланган янги сиёсий маданиятни қарор топтирди. Натижада, илгари кескинлик манбаи бўлган чегара, сув ва энергетика каби масалаларни ҳал этишда тарихий илгарилашлар кузатилди.
2025 йилда имзоланган Ўзбекистон – Қирғизистон – Тожикистон чегараларини белгилаш тўғрисидаги шартнома минтақа тарихида янги саҳифа очди. Бу нафақат ҳуқуқий муаммони ҳал этиш, балки халқлар ўртасидаги ишонч ва яқинликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Шу билан бирга, Қамбарота ГЭС-1 ва Зарафшон ГЭСи каби йирик лойиҳалар сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди. Амударё сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича Туркманистон билан эришилган келишув эса умумминтақавий экология сиёсатининг амалий ифодаси бўлди.
Давлат раҳбари мақоласида таъкидланганидек, сўнгги саккиз йилда Марказий Осиё мамлакатларининг ялпи ички маҳсулоти 520 миллиард долларга етди, ташқи савдо ҳажми эса икки каррадан зиёд ўсди. Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажми 2016 йилдаги 2,4 миллиард доллардан 2024 йилда 7,2 миллиард долларга етди.
Бугун минтақа саноати йилига тахминан 6 фоиз атрофида ўсиш суръатини намойиш этмоқда. Бу кўрсаткич жаҳон ўртачасидан икки баробар юқоридир. Натижада, минтақада бир-бирининг муваффақиятидан фойда кўрадиган ҳамжиҳат иқтисодий макон шаклланмоқда.
Ташқи шериклар эндиликда Марказий Осиёга алоҳида давлатлар йиғиндиси сифатида эмас, балки ягона минтақавий куч сифатида қарай бошладилар. Бу янги геосиёсий реаллик халқаро инвестицияларни жалб этиш, транспорт ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини кенгайтиради.
Афғонистон масаласига ёндашув ҳам ўзгарди. У эндиликда “муаммо эмас, балки имконият” сифатида кўрилаётгани минтақавий хавфсизлик сиёсатининг инқилобий бурилиши саналади. Трансафғон темир йўли лойиҳаси бу йўлдаги стратегик қадам бўлиб, бутун минтақани Жанубий Осиё билан боғлайди.
Хулоса қилиб айтганда, Марказий Осиёда кечаётган жараёнлар табиий ёки тасодифий ҳолат эмас. Улар минтақа етакчиларининг сиёсий иродаси, халқларнинг бирдамликка бўлган ички эҳтиёжи ва умумий келажакка ишончи натижасидир.
Янги Марказий Осиё — бу тинчлик ва барқарорлик ҳудуди, яратувчан ҳамкорлик майдони, дунёга очиқ, ўзаро боғлиқ ва инсон қадрини устувор қўйган макондир. Шу йўлда бирдамлик билан ҳаракат қилиш нафақат минтақамиз, балки бутун Евроосиё хавфсизлиги ва тараққиёти учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА