English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиёдаги янги сиёсий босқич ва конституциявий ислоҳотлар муҳокама қилинди
15:15 / 2025-12-06

Қарши шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қашқадарё вилояти кенгаши ташаббуси билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё янги давр остонасида” сарлавҳали мақоласида илгари сурилган ғоялар ҳамда Конституциямизнинг 33 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қашқадарё вилояти кенгаши раиси ўринбосари Исоқ Аҳмедов маъруза билан иштирок этди ва йиғилишни очиб берди. Шунингдек, Олий Мажлис Сенати аъзоси Комила Каромова ҳамда Федерациянинг вилоят кенгаши меҳнат ҳуқуқи инспектори Шамсиддин Сатторов томонидан мавзулар юзасидан маърузалар тингланди.

Маърузаларда мамлакатимиз ташқи сиёсатида Марказий Осиёнинг стратегик аҳамияти, қўшни давлатлар билан ўзаро ишонч ва ҳамкорликка асосланган муносабатларнинг янги босқичга кўтарилаётгани таъкидланди. Президент мақоласида қайд этилган фикрлар асосида минтақа барқарорлиги, хавфсизлиги ва иқтисодий ривожланишини таъминлашда Ўзбекистоннинг фаол дипломатик ташаббуслари алоҳида ўрин тутаётгани қайд этилди.

Шу билан бирга, Конституциямизнинг 33 йил давомида босиб ўтган эволюцияси, қонунийлик ва адолат тамойилларининг изчил мустаҳкамланиб бораётгани, Янгиланган бош қомусда инсон қадри, меҳнат ҳуқуқлари, ижтимоий адолат кафолатлари янада аниқ ва амалиётга йўналтирилган тарзда акс этгани ҳақида маълумот берилди.

Тадбирда таъкидланишича, касаба уюшмалари тизими Янги Ўзбекистон шароитида меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашда янада фаол бўлиши зарур. Бу йўналишда қонунчиликдаги ўзгаришлар ва ҳужжатлар ижросини таъминлаш, жойлардаги мониторингни кучайтириш долзарб вазифалар сифатида қайд этилди.

Маънавий-маърифий учрашувда касаба уюшмалари фаоллари, Қарши шаҳридаги олий таълим муассасаларининг талабалари ҳам иштирок этди.

Ўлмас Баротов, ЎзА