Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиёда ягона бўлган “UzHydroPower” заводига пресс-тур
10:54 / 2025-07-23

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бу йилги энг улуғ ва энг азиз айём – Мустақиллик байрами тантаналари “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этиши билан диққатга сазовор.

Мазкур қарорда қисқа муддатда мамлакатимиз иқтисодиёти шиддат билан ўсиб, ялпи ички маҳсулотимиз ҳажми тарихда биринчи марта 110 миллиард АҚШ долларидан ошгани, “яшил” ва инновацион иқтисодиётга ўтиш, муқобил энергия манбаларини яратиш бўйича улкан дастур ва лойиҳалар амалга оширилаётгани алоҳида эътироф этилган. 

Дарҳақиқат, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини намойиш этишда барпо этилаётган янгидан-янги ишлаб чиқариш қувватлари муҳим ўрин эгаллайди. Ўзимизнинг қоракўз йигит-қизлар меҳнат қилаётган ушбу корхоналар бугунги кунда Ватанимиз тараққиёти, халқ фаровонлиги, миллат равнақи учун хизмат қилмоқда. 

Миллий иқтисодиёт ва саноат тараққиётида маҳаллийлаштиришни ривожлантириш ҳозирги шиддатли даврнинг муҳим ва ажралмас талаби саналади.

Бугун Янги Ўзбекистон ривожланишнинг ўзига хос янги босқичида ҳар томонлама тараққиётга интилмоқда. Айниқса, иқтисодиёт соҳасида изчил ислоҳотлар, хусусан, маҳаллийлаштириш йўналишида тизимли чора-тадбирлар, янги ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Бу борада мамлакатимизда энергетик барқарорлик сари дадил қадамлар ташланмоқда. Хусусан, гидроэнергетика тармоғини ривожлантиришда хорижий тажрибани ўзлаштириш, юқори даражадаги замонавий технологияларни изчил татбиқ этиш орқали маҳаллийлаштириш доирасида ишлаб чиқариш кўламини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.

“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти ташкил топганининг 8 йиллик қисқа даври мобайнида мамлакатимиз гидроэнергетика тармоғини янада ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳажмини оширишда қатор муҳим ютуқларга эришди. 

Истиқболли инвестициявий лойиҳаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши, янги ГЭСлар қурилиши ва мавжуд станцияларни модернизациялаш натижасида қарийб 430 МВт ҳажмдаги гидроэнергетик қувват манбаи яратилиб, амалдаги ишлаб чиқариш қувватлари ҳажми 2,3 ГВт га етказилди.

Эндиликда, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти илғор хорижий тажрибани чуқур ўзлаштирган ҳолда, маҳаллийлаштириш доирасида қурилаётган янги ГЭСлар учун муҳим технологик жиҳозлар – гидроагрегатлар, шунингдек, зарурий эҳтиёт-қисмлар, жиҳозлар, асбоб-ускуналарни ишлаб чиқаришга катта эътибор қаратмоқда. 

Ана шу устувор мақсад йўлида лойиҳавий қиймати 27 миллион долларга тенг “UzHydroPower” қўшма корхонаси ташкил қилинди. Ўз ишлаб чиқариш кўламига кўра, ушбу йирик завод гидроэнергетика тармоғи учун зарур бўлган гидроагрегатларни ишлаб чиқариш бўйича Марказий Осиёда ягона бўлиб, Ўзбекистон жаҳондаги ана шундай долзарб аҳамиятга молик завод мавжуд 10 та давлат қаторига киради. 

Гидроагрегатлар ва зарурий эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган бу каби заводлар жаҳон кесимида саноқли ҳисобланади.

“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан ОАВ вакиллари ҳамда журналистлар учун “UzHydroPower” заводига пресс-тур ташкил этилди.

Пресс-тур иштирокчилари “UzHydroPower” заводининг масъул раҳбар-ходимлари ҳамда муҳандислари ҳамроҳлигида ушбу муҳим объект ҳақида зарурий маълумотлар ва ахборотларга эга бўлдилар. Заводдаги цехлар фаолияти, замонавий асбоб-ускуналар, илғор технологиялар, ишлаб чиқарилаётган эҳтиёт қисмлар билан яқиндан танишдилар.

Бугунги кунда унча катта бўлмаган, ихчам гидроэлектростанциялар барпо этиш аҳолини электр энергияси билан тўлақонли таъминлашда муҳим саналади. “UzHydroPower” заводи Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган бўлиб, ҳудуди қарийб 5 гектар майдонга тенг. 

Заводда “Made in Uzbekistan” миллий бренди асосида қуввати 1 кВтдан 40 МВт гача гидроагрегатлар, турбина ва генераторлар, республикада аввал ишлаб чиқарилмаган 14 турдаги ҳар хил қувватдаги сув-насос агрегатлари, ГЭС ва сув омборлари гидротехник иншоотлари учун турли ўлчамдаги металл конструкциялар ишлаб чиқарилади.

Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилиб, маҳаллий контент камида 72 фоизни ташкил этади.

Энг эътиборли ва муҳим томони, ишлаб чиқариладиган гидроагрегатлар нархи авваллари шу кунгача импорт қилинган давлатлар – Хитойдан 12 фоизга, Россиядан 27 фоизга арзон бўлади. Шу билан бирга, маҳаллийлаштириш ва саноат кооперацияси натижасида импорт ҳажми кескин қисқаради. 2026 йилдан эътиборан қўшни давлатларга гидроэнергетика тармоғи доирасидаги миллий маҳсулотларни экспорт қилиш амалиёти йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Заводнинг техник бўлими раҳбари Баҳодир Назаровнинг айтишича,  мазкур корхонада кичик гидроэлектростанцияларнинг лойиҳаси яратилиб, унга зарур бўладиган барча ускуна ва техникалар шу ернинг ўзида тайёрланади. Шу кунгача Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё вилоятида ана шундай ихчам гидроэлектростанциялардан ўнга яқини ишга туширилгани эътиборга молик. 

Заводда 255 дан ортиқ ишчи ўрни мавжуд бўлиб, шундан 40 фоизини малакали хотин-қизлар билан тўлдириш жараёни амалга оширилмоқда. Келгусида ишчи ўринлари сони 350 тага етказилиши кўзда тутилмоқда.

– Корхонамизда металлга ишлов бериш соҳасидаги мутахассислар, токарь-фрезеровкачилар, юқори аниқликда ишловчи замонавий дастгоҳларни бошқарувчи операторлар, кран-машинистлари, лойиҳаловчи-конструкторлар, муҳандислар, техник ходимлар меҳнат қилишади, – деди “UzHydroPower” заводи директорининг техник масалалар бўйича ўринбосари Абдулла Фозилов. – Бу кадрларни “устоз-шогирд” анъанаси асосида тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда. 

Заводда мавжуд 5 та цехда 80 га яқин замонавий технологиялар ўрнатилган. 2024 йилда 7 нафар мутахассис “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан Хитойнинг йирик “Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd” компаниясининг ишлаб чиқариш базасида ташкил қилинган ўқув курсларида иштирок этди. Асосий технологияларни бошқариш ва назорат қилиш мақсадида заводнинг 60 нафар мутахассис-ходимларини хорижда ўқитиш режалаштирилган.

–  Кран бошқаришни ўрганганимга беш ой бўлди, – деди Гулноза Файзибоева. – Корхонада ишчи-ходимларнинг самарали меҳнат қилиши, дам олиши учун барча шароитлар яратилган.

Дарҳақиқат, бу ерда ишчилар учун уч маҳал бепул овқат, олис ҳудудлардан келиб ишлаётган ходимлар учун махсус ётоқхона ташкил этилгани эътиборга молик. 

Пресс-тур доирасида, шунингдек, ОАВ вакиллари “Ўрта Чирчиқ ГЭСлар каскади” филиали таркибидаги объектлар – хусусан, “Чорвоқ” сув омбори ёнида жойлашган “Чорбоғ” ГЭСга ташриф буюрди.

Назокат Усмонова,

ЎзА мухбири