Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиёда сув-энергетика интеграцияси бўйича Европа Иттифоқи билан стратегик мулоқот йўлга қўйилди
18:03 / 2025-11-24

Бугун Тошкент шаҳрида “Европа жамоаси” ташаббуси доирасида молиялаштирилаётган “Сув, энергия ва иқлим ўзгариши бўйича” минтақавий лойиҳа бошқарув қўмитасининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Анжуманда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон, Европа Комиссияси, ЕИ аъзо давлатлар ҳамда халқаро институтлар масъуллари, мутахассислар иштирок этди.

Унда  сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Зокир Ишпўлатов, Европа Комиссияси Марказий Осиё ва Афғонистон бўлими раҳбари Шарлотта Адриан ва бошқалар сўзга чиқиб, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасида Глобал дарвоза (Global Gateway) стратегияси доирасида сув, энергия ва иқлим соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига кенг урғу берди.

Таъкидланганидек, Глобал дарвоза - Европа Иттифоқининг ташқи инвестиция стратегияси бўлиб, энергия, рақамли технология ва транспорт соҳаларида ақлли, тоза ва хавфсиз алоқа тизимини барпо этиш ҳамда ҳамкор мамлакатларда соғлиқни сақлаш, таълим ва тадқиқот тизимларини мустаҳкамлашга қаратилган. 

Глобал дарвоза стратегияси Европа Иттифоқи, аъзо давлатлар, Европа молиявий институтлари ва миллий ривожланиш молиялаштириш институтлари ресурсларини бирлаштирувчи "Европа жамоаси" тамойили асосида амалга оширилади. Марказий Осиёда сув, энергия ва иқлим ўзгариши бўйича "Европа жамоаси" ташаббуси Европа Иттифоқининг Глобал дарвоза доирасида асосий ташаббус сифатида ташкил этилган бўлиб, минтақадаги долзарб масалаларни ечишда кўмаклашади. 

[gallery-26404]

–Минтақамизда сувнинг камайиши, энергияга бўлган талабнинг ортиши ва иқлим ўзгариши шароитида қўшни давлатлар билан минтақавий ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда. Масалан, трансчегаравий манбалардан самарали фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳамкорлигида Қирғизистоннинг “Тўхтағул” сув омборидан самарали фойдаланиш чоралари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон ўртасида ҳар йили имзоланадиган баённомалар орқали Тожикистоннинг “Баҳри тожик” сув омбори сувларидан самарали фойдаланиш ва вегетация мавсумини муваффақиятли ўтказиш таъминланмоқда.

Бугунги йиғилишда Европа Иттифоқи билан келгусидаги ҳамкорлик режалари ҳам муҳокама қилинди. Ҳозирги кунда ЕИ томонидан соҳага инвестиция маблағлари жалб этилмоқда, – деди З.Ишпўлатов.

Европа Комиссияси Марказий Осиё ва Афғонистон бўлими раҳбари Шарлотта Адриан минтақавий ҳамкорликнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

–Сув, энергия ва иқлим ўзгариши ўртасидаги боғлиқлик Марказий Осиёнинг барқарор келажаги асосидир. “Европа жамоаси” ташаббуси асосида Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ва молиявий институтлар ҳамкорлик қиляпти. Жумладан, томонлар “Қамбарота” ва “Роғун ГЭС” лойиҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Мазкур мулоқотда томонлар келгуси режаларни кўриб чиқди, – деди Шарлотта Адриан.

Йиғилиш якунида томонлар сув, энергия ва иқлим ўзгариши бўйича ўзаро боғлиқ масалаларда ҳамкорликни кенгайтириш, лойиҳаларни мувофиқлаштириш ҳамда ресурсларни сафарбар этиш бўйича келишиб олди. Шунингдек, “Европа жамоаси” ташаббуси доирасида тузилган ишчи гуруҳнинг вазифалари ва кейинги амалий қадамлари муҳокама этилди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА