Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиёда Наврўз шукуҳи
21:03 / 2022-03-21

Она диёримизга барчамиз орзиқиб кутган – Наврўзи олам кириб келди.

Уйғониш ва янгиланиш, қут-барака элчиси шукуҳидан дилларимиз яйраётгани айни ҳақиқат.

Наврўз – борлиқдаги уйғониш, янгиланиш ва яшариш, озод ва обод Ватанимиз учун боқий байрам, қут-барака, тўкинлик, меҳр-оқибат рамзи. Наврўз мамлакатимизда умумхалқ байрами, умумхалқ сайиллари шаклида кенг нишонланмоқда.

Дошқозонларларда сумалак, палов ва бошқа миллий таомлар тайёрланиб, элга улашиляпти. Вилоят ташкилотлари, таълим муассасалари, маҳаллаларда айём билан боғлиқ урф-одат, анъаналар, миллий таомлар кўргазмаси ташкил қилинди. Дорбозлар чиқиши, миллий ва халқ ўйинлари намойиш этилмоқда.

Тожикистоннинг “ASIA-Plus” нашрида чоп этилган Марказий Осиёда улуғ айём нишонланаётгани, байрам шукуҳи кезпётгани, бутун минтақада фуқаролар Наврўзни юқори кайфиятда кутиб олаётгани тўғрисидаги мақолада турли мамлакатларда Наврўз билан боғлиқ кўп урф-одатлар ўхшаш экани, шу билан бирга ҳар бир халқнинг баҳорги тенг кунликни нишонлашида ўзига хос хусусияти борлигига эътибор қаратади.

Наврўз ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган. 2010 йил февраль ойида БМТ Бош Ассамблеяси 64-сессиясида 21 март – Халқаро Наврўз куни деб эълон қилинган.

Ушбу баҳор айёми Тожикистон, Эрон, Озарбайжон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Албания, Афғонистон, Грузия, Ҳиндистон, Македония, Туркия каби мамлакатларда давлат байрами сифатида нишонланади. Татаристон, Бошқирдистон ва Шимолий Кавказда маҳаллий тадбир даражасида эътироф этилади.

Тожикистонда Наврўз 21 мартдан катта тантана билан қарши олинади. Байрам кунлари республика бўйлаб сайил, ўйин, кураш, от пойгаси ва бошқа тадбирлар ўтказилади.

Одатга кўра, мамлакатда Наврўз келишидан аввал уй-жой, ён-атроф тоза-озода тутилади, анъанавий маросим еттита “син” ва “шин” (форс алифбосининг “с” ва “ш” ҳарфлари) билан бошланадиган таом, ўсимлик ва бошқа егуликлар йиғишдан иборат.

– Энг машҳур байрам таоми – сумалак, буғдойнинг униб чиққан уруғидан тайёрланган таом. Наврўз қўшни Ўзбекистонда ҳам шундай кенг нишонланади, – дейилади “ASIA-Plus” нашрида.

Қозоғистонда байрамона таом етти масаллиқдан иборат “наурыз коже” ҳисобланади. Асосан, Россиянинг чегара вилоятларида, туташ ҳудудларда яшовчи қозоқлар учун Наврўз 14 мартда бошланиб, “амал” (Ҳамал ойи номидан келиб чиққан) деб аталади.

Мамлакатда ҳар бир киши икки қўл билан саломлашиб, “Жил қутти болсун!” дейиши одат ҳисобланади. Байрамда қозоқлар “невруз – кёжо” таомини тайёрлайди. Махсус бўтқа ва ош ҳам пиширилади, қўшниларга улашилади.

Қирғизистонда ҳам Наврўз байрами худди шундай нишонланади.

Туркманистонда эса байрам куни палов пиширилади. Шодиёна куни қанча кўп овқат тайёрланса, йил шунчалик мўл-кўл келади, дея ишонишади. Наврўзда “семени” тайёрлаш ҳам одат тусига кирган. Ун, сув ва шакардан тайёрланадиган ушбу маросим таоми қариндошлар билан биргаликда пиширилади. Айтишларича, “семени”ни тайёрлашга байрамдан бир кун олдин киришилади. Шунда 21 март, Наврўз куни эрталаб сузилади.

Озарбайжон халқи ҳам яшариш айёмини катта тантана билан кутиб олади. Мамлакатда шу куни алоҳида байрам дастурхони тузалади. Номи “с” ҳарфи билан бошланадиган етти хил таом тайёрланади. Бундан ташқари, дастурхонга ойна, шам ва бўялган тухум қўйилади. Буларнинг бари рамзий маънога эга: шам – ёруғлик, олов, тухум, ойна эски йил охири ва янги йил бошини англатади.

– Озарбайжонликлар рангли тухумни ойнага қўйишади ва тухум чайқалиши билан янги йил бошланади. Стол атрофида ўтирган ҳамма бир-бирини табриклай бошлайди. Дастурхонга паҳлава, шекербура, бадамбура ва бошқа ширинликлар тортилади, – дейилади материалда.

Туркияда урф-одат ва анъанага кўра, Наврўзнинг биринчи кунида киши биринчи кўрган нарса йил давомида у билан бирга бўлади, дея ишонишади.

Мамлакатда баҳор байрами пайти одамлар яхши ният, бахт, соғлик, узоқ умр, омад ва фаровонлик акс этган кийимда бўлиши керак. Турклар учун қадимдан арпа новдаси ва танга ҳам рамзий маънога эга. Бугунги кунда танганинг ўрнини қоғоз пул эгаллаган.

Наврўз, тахминан, уч минг йил аввал форсийзабон мамлакатларда нишонлана бошлангани айтилади. Бу байрам, айниқса, Эронда ўзгача руҳда қарши олинади.

Эрон халқи учун Наврўз энг муҳим, ранг-баранг мазмунга бой байрам саналади. Бу нафақат тарихий ва маданий жиҳат, балки тақвим хусусияти билан ҳам боғлиқ. Боиси, Наврўз Эрон қуёш тақвимига кўра, хронологиянинг циклик бошланиши ҳисобланади.

Шу куни ҳар бир оилада дастурхон ёзилиб, турфа хил миллий таом, ширинлик, анъанавий егуликлар тортилиши табиий. Байрам арафасида эса уй-жой тартибга келтирилади, кўнгил хиралик унутилади, тортишиб қолганлар яраштирилади. Шунингдек, идишлар ҳосил мўллигидан дарак берувчи ёмғир суви, сут билан тўлдирилади.

Хуллас, айём бутун қитъада, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларида шодиёна тарзда тантана қилинмоқда. Энг муҳими, улуғ Наврўз шукуҳи ҳеч бир оилани четлаб ўтмайди.

Беҳруз Худойбердиев,ЎзА