Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Владимир Норов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 77-сессиясида сўзлаган нутқида иштирокчилар эътиборини Ўзбекистон ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари ўртасида бугунги кунда яқин дўстона муносабат шакллангани, шунингдек, мамлакатимизнинг қўшни Афғонистондаги вазиятни ўнглашга қаратилган фаол саъй-ҳаракати изчиллик касб этганига қаратди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабарида айтилган.
Хусусан, айнан давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтказила бошланган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашуви механизми минтақавий ҳамкорликдаги янги даврининг ёрқин тимсолига айланди.
Жорий йил июль ойида бўлиб ўтган маслаҳат йиғилишида ХХI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш йўлидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида тарихий шартнома қабул қилинди.
В.Нoрoв таъкидлаганидек, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлаб қатор резолюциялар қабул қилиниши минтақамиз мамлакатлари ўртасидаги ришталар тобора мустаҳкамланаётгани халқаро ҳамжамият томонидан ҳақли равишда эътироф этиляпти.
Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро яқинлашуви, минтақанинг глобал иқтисодий ва транспорт алоқасига интеграциялашуви жараёни бундан кейин ҳам дунё ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланишига умид билдирмоқда.
Республикамиз ташқи ишлар вазири жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида БМТ Бош котиби кўмагида ўтказилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Глобал аксилтеррор стратегиясини Марказий Осиёда амалга оширишга бағишланган халқаро конференция сермаҳсул ўтганини қайд этди.
- Форум натижаларини инобатга олган ҳолда, биз Глобал стратегия муваффақиятли амалга оширилиши ва янгиланган қўшма ҳаракатлар режаси бажарилишини доимий мониторинг қилиш мақсадида Марказий Осиёда БМТ Аксилтеррор бошқармаси минтақавий офисини очишни таклиф қиламиз, - деди В.Нoрoв.
Афғонистондаги вазиятга алоҳида ўрин ажратилган маърузада ушбу давлат иқтисодиётини тиклаш халқаро ҳамжамиятнинг умумий устувор вазифасига айланиши зарурлигига урғу берилган.
Хусусан, Марказий Осиёнинг ривожланиш истиқболи Афғонистонда тинчликни таъминлаш билан узвий боғлиқлиги таъкидланган.
“Биз чуқур гуманитар инқирозни бошдан кечираётган ушбу мамлакатга халқаро эътибор пасайишидан хавотирдамиз, - деди В.Нoрoв. - Афғонистоннинг мавжуд муаммолар қуршовида яккаланиб қолиши минтақавий ва халқаро хавфсизликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Демак, бунга йўл қўймаслик ниҳоятда муҳим”.
Қайд этилганидек, жорий йил июль ойида Афғонистон муваққат ҳукумати делегацияси иштирокида Тошкентда бўлиб ўтган халқаро конференция жаҳон ҳамжамияти ушбу мамлакатга нисбатан изчил ёндашув ишлаб чиқишдан манфаатдорлигини кўрсатди.
Афғонистон иқтисодиёти тикланиши, мамлакатнинг минтақалараро иқтисодий жараёнга қўшилиши, инфратузилмавий ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар амалга оширилиши халқаро ҳамжамият томонидан умумий устувор йўналиш этиб белгиланиши керак. Мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун БМТ, халқаро молия институтлари ва донор мамлакатлар кўмаги зарур.
Ўзбекистон Афғонистонга кўмаклашиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатга муносиб ҳисса қўшмоқда. Чегарадош Термиз шаҳрида Халқаро транспорт-логистика хаби ташкил этилиб, БМТ тузилмалари томонидан Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатишда ҳудуд имкониятидан кенг фойдаланилмоқда.
Термиз шаҳрида Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус фонд ташкил этиш таклифи билдирилди. Жамғарма маблағи ижтимоий инқирозни бартараф этиш, ёшлар учун таълим дастурини, соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.
В.Нoрoв Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан жорий йил июль ойида қабул қилинган "Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисида"ги резолюцияга ҳам эътибор қаратди. Мазкур ҳужжатда иқтисодий ҳамкорликка жалб қилиш орқали Афғонистонни икки минтақани боғлайдиган кўприкка айлантириш устувор ўрин тутади.
Мазкур ғоя ҳаётга татбиқ этилиши учун "Термиз – Мозори-Шариф – Кобул - Пешовар" темир йўлини қуриш каби трансминтақавий инфратузилма лойиҳалари амалга оширилиши лозим.
- Ўзбекистон томонидан БМТ кўмагида Тошкент шаҳрида Ўзаро боғлиқлик бўйича минтақалараро марказ ташкил этилиши ҳам Афғонистонни минтақавий савдо-иқтисодий жараёнга жалб этишга кўмаклашади, - деди мамлакатимиз ташқи сиёсат идораси раҳбари.
ЎзА