English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиё ёш экофаоллари Самарқандда бирлашди
13:46 / 2023-10-02

Самарқандда Марказий Осиё ёшлари экологик оромгоҳи фаолият бошлади.

Бугун “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида тегишли дастур доирасида экологик форум ташкил этилди.

Тадбир аввалида Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғиз Республикаси ва юртимизнинг турли ҳудудларидан келган 60 нафардан зиёд ёш экофаол иштирокида оромгоҳнинг рамзий байроғи кўтарилди. 
Марказий Осиё ёшларининг биринчи экологик форумида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде ва бошқалар сўзга чиқиб, иштирокчиларни қутлади.

Таъкидланганидек, Марказий Осиё экологик муаммолар таъсири юқори бўлган минтақа ҳисобланади. Бу масалада ҳукумат раҳбарлари, мутахассислар халқаро минбарларда ҳам қайта-қайта бонг урмоқда. Албатта, ёшлар ҳам эртамиз эгалари сифатида айни масалага бефарқ эмас.  Минтақада биринчи бор ташкил этилган экооромгоҳ бу борадаги ташаббуслар, янги фикр ва ғоялар учун минбар вазифасини ўтайди.

— Экооромгоҳ ташкил этиш ташаббуси ҳам айнан ёшларимиз томонидан илгари сурилди, –- дейди “Замин” халқаро жамоат фонди директори ўринбосари Абдуқаҳҳор Абдуғаниев. – Бугун айнан улар янги ғоялар драйвери ҳисобланади. Шу боис тадбирда бирор мавзу бўйича чеклов ёки йўналиш белгилангани йўқ. Иштирокчиларнинг ўзи минтақадаги экологик муаммоларни таҳлил қилишади ва уларни бартараф этиш бўйича ўз таклифларини ишлаб чиқишади. Айни жараёнда уларга кўмак бериш учун соҳа мутахассислари жалб қилинган.

Беш кунлик тадбир давомида Марказий Осиёда ёшлар экологик ҳаракатини интеграция қилиш орқали минтақавий экомаданият стратегияси ва бошқа қатор лойиҳалар ишлаб чиқилади. Улар Бирлашган Араб Амирликларидаги СОП 28 – Иқлим ўзгариши бўйича конвенцияда тақдим этилиши режалаштирилган.
— Изланишларни тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда бошладик, – дейди қорақалпоғистонлик ёш экофаол Нуржаҳон Жадигирова. – Мен мактабгача таълим дастурига экомаданият таълимини киритиш лойиҳаси устида иш олиб боряпман. Эътиборлиси, бу ердаги барча иштирокчилар катта фаоллик кўрсатишмоқда. Фикр ва ғояларнинг хилма-хиллиги бир муаммони турли йўналишларда ўрганиш ва ечимини топиш имкониятини беряпти. Режаларимиз катта ва биз уларни ҳаётга татбиқ этиш учун астойдил ҳаракат қиламиз.

Дастур доирасида халқаро экспертлар иштирокида семинарлар, учрашув ва тегишли стратегия лойиҳаси бўйича муҳокамалар ташкил этилиши белгиланган.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари