Самарқанд давлат университетида ўтказилган «Марказий Осиё яйловлари: глобал муаммолар ва глобал имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция давомида Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги яйловларда дала семинари ташкил этилди. Унда халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижлик олим ва профессорлар, шунингдек Самарқанд давлат университети вакиллари қатнашди.
Дала семинари иштирокчилари Нуробод туманининг Қарнобчўл ҳудудларида жойлашган «Тим – Ағрон чорвадорлари» МЧЖ ҳудудида яйловларни баҳолашнинг замонавий экологик методларига асосланган дала семинари кузатувларини олиб борди.
Дала семинаридан асосий мақсад – яйловлар экологик барқарорлигини қайта тиклаш, табиий ҳолатини яхшилаш ҳисобланса, иккинчи масала яйловларни замонавий рақамли технологиялар ёрдамида баҳолашдир. Шу асосда хориждан ташриф буюрган олимлар, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибидаги Ўздаверлойиҳа давлат илмий лойиҳалаш институти ходимлари билан биргаликда дронлар ёрдамида яйловлар мониторинги ўтказилди.
– Республикамиз умумий ер майдонининг 47 фоизи, яъни 21,1 млн. гектарини яйловлар ташкил қилади. Суғориладиган ерлар эса бор-йўғи 4 млн. гектар. Биргина шу фактнинг ўзи республикамиз учун яйловларни бошқариш соҳаси қанчалик аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади. Шу нуқтаи назардан бугунги кунда қайта тикланувчи ем-хашак ҳосил қилиш потенциали издан чиққан ва чорвачилик мақсадларида фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келган 11 млн. гектар яйловнинг экологик ҳолатини яхшилаш асосий муаммо ҳисобланади, – деди Самарқанд давлат университети Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти директори, доцент Тошпўлат Ражабов.
Семинар доирасида ушбу яйловларнинг экологик ҳолати, тупроқ қатлами ўрганилди, 2 гектар майдонга яйлов ўсимликлари экилди. Режа бўйича, мазкур яйлов ҳудудларига шувоқ, изен, терескен каби яйлов ўсимликлари экилди. Шунингдек, дронлар ёрдамида яйлов ҳудудлари мониторинг қилинди. Эндиликда дала кузатувларида олинган натижалар қайта ишланиб, илм-фанга татбиқ қилиниши керак.
Чўл тупроқлари табиатнинг «нозик маҳсули» ҳисобланади. Агар тупроқ қатлами бир марта бузилса, яна аввалги ҳолатига қайтиши қийин. АҚШ тажрибасида мазкур хатога йўл қўйилган. Ўтган асрнинг 20-30 йилларида Америкада катта-катта яйлов ҳудудлари қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиш учун ҳайдалган. Бунинг натижасида кучли чанг бўронлари ҳосил бўлган. Шу сабабли ҳозир АҚШда яйловларни ҳайдаш таъқиқланган. Шу каби оқибатлар тақозоси билан, бугунги кунда Америкада тупроқ қатлами ва яйлов экотизимларига кам таъсир кўрсатган ҳолда экологик ҳолатни яхшилаш имконини берадиган технологиялар ишлаб чиқилган.
Конференция доирасида СамДУ АҚШнинг Яйловларни бошқариш халқаро жамиятига аъзо бўлди.
Шунингдек, Самарқанд давлат университети ва АҚШ нинг Невада университети ўртасида яйлов экологияси ва яйлов бошқаруви соҳасида магистратура йўналишида қўшма таълим дастури йўлга қўйишга келишилди. Шунингдек, 2023 йилнинг февраль ойида Республика яйлов хўжалигини ривожлантириш уюшмаси ҳамда Самарқанд давлат университети олимларидан иборат делегация Халқаро яйловларни бошқариш жамияти томонидан АҚШда ўтказиладиган конференцияда иштирокчи сифатида қатнашиши режалаштирилмоқда.
Хорижлик олимлар республикамиз шароитида яйловлар экологиясини яхшилаш учун икки томон: экологик ва иқтисодий жиҳатга асосий эътибор қаратиш керак эканлигини алоҳида таъкидлади ва бу борада бир қатор амалий таклифларни берди.
Ирода БEКМУРОДОВА,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими