Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиё янги давр остонасида
17:52 / 2025-12-15

Сирдарё вилоятида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ташаббуси билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё янги давр остонасида” сарлавҳали мақоласининг мазмун-моҳиятини тушунтириш ва кенг тарғиб қилишга бағишланган маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда вилоят Кенгаши ходимлари, тармоқ ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда туман ва шаҳар Кенгашлари ва бошланғич касаба уюшмалари раислари фаол иштирок этишди.

Вилоят Кенгаши раиси Рустам Турсунмуродов мақолада илгари сурилган стратегик ғоялар, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодий ва инсон капитали ривожига қаратилган ташаббуслар ҳақида маълумот берди. У таъкидладики, мақола нафақат Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал мақсадларини акс эттиради, балки барқарор тараққиёт ва дўстона ҳамкорликни таъминлашда муҳим восита ҳисобланади.

Гулистон давлат университети доценти Нодира Султонова ҳам маъруза қилиб, мақоланинг аҳамияти ва Марказий Осиёда барқарорлик ҳамда тараққиётдаги роли ҳақида фикр билдирди. У минтақавий ҳамкорликни кучайтириш, иқтисодий ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш орқали янги истиқболли йўналишлар очиш муҳимлигини таъкидлади.

Мақолада қайд этилдики, сўнгги етти-саккиз йилда Марказий Осиё геосиёсий жиҳатдан янги босқичга қадам қўйди. 2017 йилдан бошлаб давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари минтақада ҳамкорликни институционаллаштириб, сиёсий ишонч муҳитини мустаҳкамлади, чегара ва зиддиятларни ҳал этишда муҳим роль ўйнади.

Иқтисодий ҳамкорликда ҳам сезиларли натижалар қайд этилган: минтақавий ЯИМ 8 йилда 2,5 баробарга ўсиб, 520 млрд долларга етди; ташқи савдо ҳажми 253 млрд долларга чиқди; Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан товар айланмаси 2016 йилдаги 2,4 млрд доллардан 2024 йилда 7,2 млрд долларга ўсди, қўшма корхоналар сони 1800 тадан ортиқ бўлди.

Сув ва энергетика соҳасида ҳамкорлик Қамбарота ГЭС-1 ва Зарафшон дарёсидаги гидротармоқлар орқали экологик масъулият ва ресурслардан адолатли фойдаланиш моделини шакллантирди.  

Афғонистон билан ҳамкорлик ва Трансафғон темир йўли минтақанинг иқтисодий ва хавфсизлик салоҳиятини ошириши қайд этилди.

Гуманитар соҳада ҳамкорлик: таълим, фан, маданият, спорт ва туризм йўналишларидаги қўшма лойиҳалар халқлар ўртасида ишонч ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлайди, ёшлар учун янги имкониятлар яратади.

Президент мақоласида Марказий Осиё тараққиёти ва ҳамкорлигида беш асосий вазифа белгиланган: минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш, хавфсизликни таъминлаш, иқтисодий интеграцияни кенгайтириш, экологик барқарорлик ва “яшил” технологияларга ўтиш ҳамда ташқи сиёсатда мувофиқлаштирилган ёндашувларни қўллаш.

Тадбир иштирокчилари Президент мақоласида илгари сурилган ғояларни юқори баҳолашиб, бу концепциялар Марказий Осиёнинг барқарор, фаровон ва стратегик жиҳатдан ривожланган минтақага айланишига хизмат қилишини таъкидлашди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири