Тошкент шаҳрида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзуидаги халқаро конференция доирасида Марказий Осиё халқаро институтининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, Марказий Осиё учун превентив дипломатия минтақавий маркази раҳбари Наталя Герман, минтақа давлатларининг Ташқи ишлар вазирлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар ва бошқа юқори мартабали меҳмонлар иштирок этди.
Тадбир аввалида Т.Норбоева Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё халқаро институти очилиш маросими қатнашчиларига табригини ўқиб эшиттирди.
Давлатимиз раҳбари табригида қайд этилганидек, мазкур институтни ташкил этиш ҳозирги замон, минтақавий ривожланиш ва тарихий давр талабидир. Бу Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган ташқи сийсий йўлини давом эттириш тарафдори эканининг амалий тасдиғидир.
Дарҳақиқат, мазкур институт, энг аввало, минтақа давлатлари ҳамкорлигини ҳар томонлама кенгайтиришга қаратилган стратегия ва дастурларнинг янги йўналишларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш, уларни илмий асосланган ҳолда чуқур таҳлил ва тадқиқ қилиш билан шуғулланади.
Маросимда сўзга чиққанлар мазкур институт Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилганини алоҳида эътироф этди.
[gallery-3117]
– Аввало, Президент Шавкат Мирзиёевга минтақа тинчлиги ва тараққиётига қаратилган ушбу халқаро конференцияни ўтказиш ташаббуси билан чиққани учун миннатдорчилик билдираман, – деди Наталя Герман. – Марказий Осиё халқаро институтининг очилиш маросими ушбу форум доирасида ўтказилаётганида ҳам рамзий маъно бор. БМТ Марказий Осиё давлатлари раҳбарининг сиёсий иродаси ва етакчилиги натижасида минтақа давлатлари ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорликни юксак баҳолайди. Ушбу жараённи ривожлантиришда минтақавий ҳамкорликни ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгилаган Ўзбекистоннинг ўрни катта, албатта.
Марказий Осиё халқаро институти минтақа давлатлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган изланишлар, Марказий Осиё хавфсизлиги билан боғлиқ турли бошқа таҳдид ва муаммоларни самарали ҳал этишга қаратилган тизимли тадқиқот ишларини йўлга қўяди. Бундан ташқари, қўшни давлатларнинг ташқи сиёсат концепция ва мақсадларини таҳлилий ёндашувлар асосида пухта ўрганади, минтақавий аҳамиятга эга бўлган турли лойиҳаларни батафсил таҳлил қилади.
Тадбир иштирокчилари институтда ташкил этилган музей, у ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
А.Худойқулов, А.Мадаминов (сурат), ЎзА