French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиё хабарлари
19:41 / 2026-03-09

Марказий Осиё минтақаси стратегик жойлашуви ва бошқа кўплаб имкониятлари сабаб доимо халқаро жамоатчилик диққати марказида бўлиб келган. Шу боис мазкур ҳудудларда юз бераётган глобал аҳамиятга молик воқеалар таҳлили кўпчилик учун қизиқарли эканлиги табиий. ЎзА сайтида ҳар ҳафта “Марказий Осиё хабарлари” лойиҳаси бериб борилмоқда. Қуйида якунланган ҳафта минтақамизда юз берган асосий воқеалар ҳақида сўз боради.

Қозоғистонда газ портлади. Қурбонлар ҳозирча 11 киши

Шучинск шаҳридаги кафеда газ портлаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 11 кишига етди, деб хабар берди Акмола вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси.

27 февраль кечаси беш қаватли турар-жой биносига туташган “Плов Центр” кафесида газ портлаб, ёнғин содир бўлган. Дастлаб воқеа жойидаёқ 7 киши, жумладан 16 ёшли қиз ҳалок бўлгани эълон қилинган эди. Фожиа туфайли 28 инсон жабрланиб, улардан 13 нафари касалхонага ётқизилган, 8 киши тиббий ёрдам олгач, уйига қайтган эди. Март ойи бошида оғир куйиш жароҳати олган икки бемор касалхонада вафот этди ва қурбонлар сони тўққиз кишига етди.

Мазкур ҳодиса муносабати билан жиноий иш қўзғатилган, муассаса эгаси икки ойга ҳибсга олинган.

– Афсуски, шифокорлар саъй-ҳаракатига қарамай, яна икки нафар оғир аҳволдаги бемор 8 март куни вафот этди, – дея, идора матбуот хизмати бошқарма бошлиғи Нариман Эрмекнинг сўзларидан иқтибос келтирган.

Республика расмийлари ҳалок бўлганларнинг оилаларига 4000 доллардан, жароҳатланганларга эса 2000 доллардан товон тўланишини эълон қилди. Шунингдек, қариндошларнинг мавжуд кредитлари қоплаб бериладиган бўлди.

Шучинск – Қозоғистон шимолида, Шуче кўли бўйида, вилоят маркази Кокшетаудан 70 километр жануби-шарқда, Остонадан 250 километр масофада жойлашган курорт шаҳарча. Ҳудудда тахминан 48 000 аҳоли истиқомат қилади.

Ироқ Туркманистонда элчихона очди

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Ашхободда Ироқ дипломатик ваколатхонаси очилди. Шу муносабат билан ташқи ишлар вазири ўринбосари Сердар Муҳамметдурдиев элчихона муваққат ишлар вакили Жасим Муҳаммад Ал-Аттор билан учрашди.

Муҳамметдурдиев қабул қилинган мазкур қарор учун Ироқ томонига миннатдорлик билдирган. Таъкидланишича, бу воқеа сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлайди.

Бундан ташқари томонлар савдо-иқтисодий алоқани кенгайтириш, жумладан икки мамлакат бизнес ҳамжамиятлари ўртасида шериклик ўрнатиш имкониятини ҳам муҳокама қилган. Фан, таълим, спорт ва туризм алоқаларини ривожлантириш истиқболли экани қайд этилган.

ОТБ Тожикистондаги лойиҳалар учун 1,1 миллиард доллар ажратади

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Осиё тараққиёт банки раиси Масато Кандани қабул қилди. Томонлар стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш истиқболини муҳокама қилган.

Давлат раҳбари ҳамкорликнинг ҳозирги даражасидан мамнунлик билдириб, ушбу йирик молиявий муассасанинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадларига эришишдаги ҳиссасини юқори баҳолади. Ўтган йиллар давомида жами 2,9 миллиард долларлик 200 дан зиёд лойиҳа амалга оширилгани таъкидланди.

– Ўтган ҳафта тасдиқланган 2026-2030 йилларга мўлжалланган янги Ҳамкорлик стратегиясига алоҳида эътибор қаратилди, – деди Масато Канда учрашувдан кейин уюштирилган брифингда. – Мазкур ҳужжатга асосан ОТБ Тожикистон иқтисодиётининг асосий тармоқларини қўллаб-қувватлаш учун тахминан 1,1 миллиард доллар ажратишни режалаштирмоқда. Биз биргаликда тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашни қўллаб-қувватлаш, инновацияни рағбатлантириш, барқарор ўсиш ва жамоат фаровонлиги учун янги иш ўринлари яратишда давом этамиз.

Қирғизистонда тиланчилик учун жазо кучайтирилади

Қирғизистон парламенти депутатлари томонидан тиланчиликни камайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишдаёқ қабул қилинди.

Ҳужжат ушбу иллатнинг жамоат тартибига салбий таъсирини бартараф этиш, кўчалардаги тиланчиликни бартараф этиш орқали йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш, заиф гуруҳларни эксплуатациядан ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Энди Қирғизистонда жамоат жойлари, жумладан йўлларда доимий тиланчилик қилиш қуйидаги усуллар билан жазоланади:

Пул ёки бошқа моддий бойлик олиш мақсадида жамоат жойида доимий тиланчилик қилиш 20-30 соат жамоат ишига жалб этилиш ёки уч кунгача қамоққа олинишга сабаб бўлади. Бир ой ичида юз берадиган такрорий ҳуқуқбузарлик 30-40 соатлик жамоат иши ёки 3-5 кунлик қамоқ билан жазоланади. Чет эл фуқароси шундай ҳаракатни такроран содир этса, мамлакатдан чиқариб юборилади.

Кексалар, ҳомиладор аёллар, ногиронлиги ёки руҳий касаллиги бўлган шахслар тиланчилик билан шуғулланса, 200 ҳисоблаш бирлиги миқдорида жарима белгиланади.

Гўзал Сатторова, ЎзА