Марказий Осиё минтақаси стратегик жойлашуви ва бошқа кўплаб имкониятлари сабабли доимо халқаро жамоатчилик диққати марказида бўлиб келган. Шу боис мазкур ҳудудларда юз бераётган глобал аҳамиятга молик воқеалар таҳлили кўпчилик учун қизиқарли эканлиги табиий.
ЎзА сайтида ҳар ҳафтада “Марказий Осиё хабарлари” лойиҳаси бериб борилмоқда. Қуйида якунланган ҳафта давомида мазкур минтақада юз берган асосий воқеалар ҳақида сўз боради.
Туркманистондаги аёллар халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан нақд пул кўринишида совға олади
Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан аёлларга 60 манат миқдорида нақд совғалар беришни буюрди.
Туркманистон давлат ахборот агентлиги (TDH) хабар беришича, расмийлар аёлларнинг мамлакат фаровонлиги учун ислоҳотларни амалга оширишда ва ватанга содиқ соғлом ва илҳомланган авлодни тарбиялашда қўшган улкан ҳиссасини эътироф этишган.
Нақд пул тўловлари 2026 йил 2-мартдан 6-мартгача тантанали маросимда топширилади.
Маълумот ўрнида: Туркманистоннинг аёллари кетма-кет еттинчи йил давомида 8-март шарафига 60 манатдан пул олиб келишмоқда.
Қозоғистон Эрон атрофидаги вазият туфайли хавфсизлик идораларини ҳушёр ҳолатга келтирди
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев мамлакат Хавфсизлик кенгаши котиби Гизат Нурдаулетовга хавфсизлик идоралари ва тегишли вазирликлар раҳбарлари билан биргаликда Эрон атрофидаги кескинлашиб бораётган вазият ва мамлакатдаги барқарорликка потенциал таҳдидларга жавобан фавқулодда режа тайёрлашни буюрди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Айбек Смадияров хабар берди.
Барча хавфсизлик идоралари аллақачон 24/7 ҳушёр ҳолатга келтирилди. Ҳукумат таркибида Ташқи ишлар вазирлиги бошчилигидаги махсус мониторинг гуруҳи тузилди. Вилоят ҳокимларига Яқин Шарқдаги ўзгариб бораётган вазиятга қараб чоралар кўриш топширилди.
Қирғизистон ва ЕИ тижорат банкларини санкциялар рўйхатидан чиқариш режасини ишлаб чиқмоқчи
Қирғизистон ва Европа Иттифоқи қирғиз банкларини санкциялардан чиқариш бўйича келгуси техник ҳамкорлик режасини ишлаб чиқади. Бу ҳақда Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси маълум қилди.
Таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамаси Раисининг биринчи ўринбосари Данияр Амангелдиев Бишкекка ишчи ташриф билан келган Европа Иттифоқининг Санкциялар бўйича махсус элчиси Дэвид О’Салливан билан учрашган.
Учрашув давомида Д.Амангелдиев Қирғизистон молиявий мониторинг ва ташқи иқтисодий операциялар учун шаффофлик чораларини изчил кучайтираётганини таъкидлади. У шунингдек, самарали экспорт ва молиявий назорат ташқи иқтисодий занжирнинг барча иштирокчилари, жумладан, Европа экспортчилари ўртасида умумий масъулиятни талаб қилишини таъкидлади.
ЕИ махсус элчиси Дэвид О’Салливан, ўз навбатида, шаффофликнинг намойиш этилиши Европа институтлари ва халқаро ҳамжамият томонидан ишончнинг асосий кафолати эканлигини айтди. У Қирғизистон банкларини санкциялар рўйхатидан чиқариш ва келажакдаги молиявий хавфларни бартараф этиш бўйича техник ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар қирғиз томонига юборилганини маълум қилди.
Тожикистонда банк кредитлари қимматлашди
Тожикистон Миллий банки маълумотларига кўра, 2025 йилда Тожикистон молия институтлари жами 30,0 миллиард сомоний (тахминан 3 миллиард доллар) миқдорида кредитлар берган. Бу 2024 йилга нисбатан 21,1 фоизга ўсишдир.
Берилган кредитларнинг умумий миқдоридан 42,6 фоизга истеъмолга мўлжалланган. Қолган қисми савдо ва овқатланиш, қишлоқ хўжалиги, саноат, хизматлар, ипотека, қурилиш каби йўаналишларни қамраб олган.
2025 йил охирида кредит молия институтларининг умумий кредит портфели баланси 26,1 миллиард сомонийни ташкил этди, бу 2024 йил охирига нисбатан 22,2 фоизга кўп.
Хорижий валюта курси ўтган йилга нисбатан ўзгаришсиз қолди, миллий валюта курси эса 0,5 фоиз пунктга ошди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил охирида парламентга қилган мурожаатида Президент Имомали Раҳмон тегишли идораларга кредитлар бўйича фоиз ставкаларини пасайтириш чораларини кўришни буюрган эди.
Гўзал Сатторова, ЎзА