Тожикистонда жиноятлар сони камайди
Тожикистон Бош прокурори Ҳабибулло Воҳидзода 2025 йил охирига келиб мамлакатда террорчилик ва экстремистик фаолият билан боғлиқ жиноятлар сони 314 тага камайганини эълон қилди.
– Бу ижобий натижа Президентнинг ижтимоий тармоқда изоҳ қолдирганлик учун жиноий иш қўзғатмаслик тўғрисидаги кўрсатмаси билан бевосита боғлиқ, – деди маърузачи. – Қолаверса, ахборот-тарғибот жараёни ҳам кучайтирилди.
Мулозим экстремизм ва террор жиноятлари учун тегишли жазога тортилган 405 маҳбус жиноий жавобгарликдан озод қилинганини ҳам таъкидлади.
Ўтган йил май ойида етакчи Эмомали Раҳмон ижтимоий тармоқда муносабатбилдирганлик учун жиноий жазони бекор қилувчи қонунни имзолагани ҳақида хабар берилган эди. 2018 йилдан бери Тожикистонда ҳатто энг майда фаолият – маъқуллашдан тортиб улашишгача – ҳамма умумий шартга бўйсуниб келган. Бундай қоидабузарлик 10-15 йиллик қамоқ билан жазоланган.

Қирғизистон парламентига янги спикер сайланди
Депутат Марлен Маматалиев Қирғизистон Жогорку Кенеши янги спикери этиб сайланди.
Икки депутатлик гуруҳи – “Ала-Тоо” ва “Элдик” парламент спикери лавозимига Марлен Маматалиев номзодини илгари сурди. Ушбу номзодни 83 депутатдан 77 нафари ёқлади, беш ноиб рад этди.
Эслатиб ўтамиз, парламент йиғилишида собиқ спикер Нурланбек Турғунбек уулу ўз ихтиёри билан истеъфога чиқди. Аввалроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбариятида ўзгариш юз бергани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Президент ҳузурида Давлат хавфсизлик хизмати ташкил этилди ва Чегара хизмати Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси таркибидан чиқарилиб, мустақил тузилма – Қирғизистон Республикаси Давлат чегара хизматига айлантирилди.

Туркманистонда махсус хизматлар раҳбари алмаштирилди
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов генерал-майор Назар Атагараевни бошқа лавозимга ўтгани сабабли Миллий хавфсизлик вазири лавозимидан озод қилди.
Тизим раҳбарлигига генерал-майор Давлатгелди Мередов тайинланди.

Қозоғистонда қор остида қолган 17 киши қутқариб қолинди
“Kazinform” хабар беришича, Қозоғистоннинг Жетису вилоятида об-ҳаво ёмонлашиши ортидан икки туманда қутқарув гуруҳи ташкил этилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари бир неча нуқтада зудлик билан воқеа жойига етиб келиб, жами 17 кишини қутқарган.
Вазирлик маълумотга кўра, жумладан Алакол туманида тезкор қутқарув амалиёти ўтказилган. Маълум бўлишича, Кўктума бекатидан 35 километр масофадаги қишлоқ йўлида уч машина қор уюми остида қолган. Автомобиль ичида 14 киши бор эди. Мутахассислар воқеа жойига етиб келиб, барча йўловчиларни эвакуация қилди. Шу тариқа инсонлар хавфсизлиги таъминланди.

Шунингдек, Саркан тумани Лепси қишлоғидан 15 чақирим масофада жойлашган Балхаш кўли қирғоғида транспорт воситаси носозлиги туфайли қолиб кетган уч киши ҳам хавфсиз жойга кўчирилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳайдовчиларга об-ҳаво шароитини ҳисобга олиш, қор билан қопланган чекка йўлларда ҳаракатланишда эҳтиёт чораларини кўриш бўйича мунтазам тавсиялар бермоқда.
Аввалроқ Жетису вилоятида қор бўронида қолган 70 киши қутқарилгани ҳақида хабар берилган эди.
Гўзал Сатторова тайёрлади. ЎзА