Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиё хабарлари
18:26 / 2024-05-18

Тоқаев Марказий Осиё давлатлари Хавфсизлик Кенгашлари котибларини қабул қилди

ОСТОНА. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Марказий Осиё давлатлари Хавфсизлик Кенгашлари котибларини қабул қилди. Бу ҳақда Оқ ўрда матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда Қозоғистондан Ғизат Нурдаулетов, Қирғизистондан Марат Иманқулов, Тожикистондан Насрулло Маҳмудзода, Ўзбекистондан Виктор Маҳмудов ва Туркманистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ҳарбий атташеси Аннамират Ягмиров иштирок этди.

Тоқаев меҳмонларни қутларкан, минтақа ХК котиблари биринчи йиғилиши ташқи ва ички таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, зарур жавоб чоралари ишлаб чиқиш учун самарали платформага айланишига ишонч билдирди.

– Минтақавий ҳамкорлик барча йўналишларда жадал ривожланмоқда, – деди Қозоғистон раҳбари. – Шу нуқтаи назардан, бу жуда муҳим ва ижобий тенденция. Давлатлараро сиёсий мулоқот ҳам мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда. Минтақа мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик фаоллашмоқда. Охирги беш йилда минтақалараро товар айирбошлаш кўрсаткичи 80 фоиздан кўпроқ ўсиб, 10 миллиард доллардан ошди. Шу билан бирга мамлакатлар ўртасидаги экспорт-импорт амалиётини режали ривожлантириш, маҳсулот номенклатурасини кенгайтириш масаласи ҳал этилмоқда. Тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги алоқа кучайиб, қўшма корхоналар сони мунтазам ошяпти. Йирик минтақавий лойиҳалар нафақат барчамизга катта фойда келтиради, балки Марказий Осиё иқтисодиётининг бутун тузилмасини ҳам ўзгартиради. Транспорт-логистика салоҳияти икки баробар ортиши минтақа жадал ривожланиши учун мустаҳкам асосдир. Шунингдек, маданий-гуманитар алоқа қайта тикланиб, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Президент фикрича, замонавий чақириқларнинг аксарияти трансчегаравий хусусиятга эга. Шунинг учун айни таҳдидларга қарши курашиш учун саъй-ҳаракатни бирлаштириш керак.

– Бу ерда, биринчи навбатда, халқаро экстремизм ва терроризмга, наркотик моддалар ноқонуний айланишига, қурол савдосига қарши кураш ҳақида гап кетяпти, – деди у.– Бу борада Афғонистонни алоҳида таъкидлашимиз керак. Бу мамлакатда мураккаб ва ранг-баранг жараён кечмоқда. Иқтисодий вазиятнинг маълум даражада барқарорлашуви ва тикланиши белгилари мавжудлигини тан олиш керак. Бошқа томондан, халқаро террор ташкилотлари фаоллиги туфайли юқори даражадаги хавф сақланиб қолмоқда. Фикримизча, Афғонистонни минтақавий муносабатларга фаол жалб этиш айни дам стратегик вазифалардан биридир. Бу ерда кўп нарса мамлакатларимизнинг уйғун позициясига боғлиқ. БМТ Марказий Осиё ва Афғонистон учун Барқарор ривожланиш минтақавий марказини очиш долзарб масала, деб ҳисоблаймиз.

Қосим-Жомарт Тоқаев дўстлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчилик руҳидаги минтақавий интеграция юқори даражада эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳамкорлик фақат минтақа доирасида чекланиб қолмайди. Шунингдек, у йиғилиш иштирокчиларини минтақа давлатларини бир-бирига қарши қўйиш, бўлиб ташлашга уринаётган хорижий кучларга биргаликда қаршилик кўрсатишга чақирди.

ХВЖ Тожикистон билан ҳамкорликни кенгайтиради

ДУШАНБЕ. Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Халқаро валюта жамғармаси бошқаруви директори Кристалина Георгиева билан учрашди. Музокара чоғи Георгиева ХВЖ Тожикистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда “Ховар” ахборот агентлиги маълум қилмоқда.

Томонлар жамғарманинг инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган янги дастурини муҳокама қилишди.

Кристалина Георгиева ушбу ташаббус нафақат Тожикистон, балки бутун минтақа тараққиётида муҳим рол ўйнайдиган Роғун ГЭС қурилиши шароитида муҳимлигини таъкидлади. Унинг фикрича, Роғун ГЕС тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг энергияга эҳтиёжини қондириш учун зарур “яшил” энергия манбаига айланади.

Ташиев: Намойишчилар тўғри талаб қўйишган!

БИШКЕК. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев кеча 17 май куни Бишкекнинг Чуй шоҳ кўчаси ва Қурманжон додхоҳ кўчаси кесишмасида ўтказилган ёшлар митингига изоҳ берди.

Унинг фикрича, ҳодисага Покистон, Бангладеш, Ҳиндистон, Миср ва бошқа давлатлардан келган муҳожирлар сони ортиб бораётганидан хавотир сабаб бўлган. Мулозим йиғилганлар талабини қўллаб-қувватлаб, республика қонунчилигини бузаётган хорижликларга нисбатан МХДҚ томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирди.

– Бизда мигрантлар содир этган ҳуқуқбузарлик бўйича статистика мавжуд, –деди Ташиев. – Кўпроқ Покистон ва Бангладеш фуқаролари қоидани бузади. Шу Ҳозиргача 1500 дан зиёд покистонлик, 1000 дан ортиқ Бангладеш фуқароси мамлакатдан чиқариб юборилди. Маълумотга кўра, 5 мингга яқин хорижлик қонунларимизни бузган. Шундан 1360 нафари покистонлик, 1300 нафари бангладешлик, қолганлари бошқа давлатлар вакиллари.

У намойишчилар талабини тўғри, деб ҳисоблашини айтди, жамоат тартибини бузмасликка, ҳамма ишни қонун доирасида ҳал қилишга чақирди.

– Биз йиғилганларни диққат билан кузатдик ва ижтимоий тармоқда ҳокимиятга қарши бузғунчи ҳаракатга чақирган иғвогарларни аниқладик, – дея хулоса қилди мамлакат хавфсизлик қўмитаси раҳбари. – Айни пайт улар ҳибсга олинган. Бундан ташқари, митингга қурол билан келганлар ҳам аниқланди. Улар ҳам қўлга олинди. Кимдир провокацияга берилиб, ўқ узганда, оқибати ёмон бўларди.

Туркманистонда Маҳтумқули Фироғий ҳайкали очилди

АШХОБОД. Туркманистон пойтахтидаги гўзал масканда туркман адабиёти ва жаҳон маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган буюк шоир ва мутафаккир Маҳтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги муносабати билан янги монументал боғ мажмуаси очилди.

Ушбу мўъжаз масканда асосий монументдан ташқари машҳур дунё ёзувчи ва шоирларининг 24 та ёдгорлиги ҳам ўрнатилган. Улар орасида Оноре де Бальзак, Уильям Шекспир, Фёдор Достоевский, Данте Алигьери, Робиндранат Тагор, Гёте, Чингиз Айтматов, Шота Руставели, Алишер Навоий каби жаҳонга машҳур сиймолар ҳайкалларини кўриш мумкин.

Маданий-мемориал мажмуанинг тантанали очилиш маросимида Президент Сердар Бердимуҳамедов иштирок этди. У ўз нутқида мазкур боғ мамлакатнинг ташриф қоғози бўлиб қолишига умид билдирди.

Сўнгра мамлакат етакчиси ва тадбирнинг фахрий меҳмонлари ҳайкал пойига гул қўйишди.

Ўткир МИРЗО тайёрлади.

ЎзА