Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиё ва Покистон: Тарихий яқинликдан стратегик шерикликкача
16:47 / 2026-02-24

Маълумки, Покистон Ислом Республикаси бугунги кунда Жанубий Осиёда муҳим минтақавий куч сифатида ўзини намоён этмоқда. Қулай жўғрофий жойлашуви туфайли бир нечта минтақаларни боғловчи кўприк вазифасини ўтаётган мамлакат фаол ташқи сиёсат юритиб, ўзгарувчан глобал муҳитда янада муҳим роль ўйнашга интилмоқда.

ТДШУ таянч докторанти Муқаддас Ҳожимуродова таҳлилларига кўра, эндиликда Исломобод учун геосиёсий ва хавфсизлик масалаларидан кўра геоиқтисодий ёндашув устувор аҳамият касб этмоқда, чунки замонавий тараққиёт жараёнлари давлатларни халқаро майдондаги илғор тажриба ва ривожланиш моделларидан фойдаланиб, миллий фаровонликни таъминлашга ундамоқда. Бундай шароитда глобал ўзгаришлардан четда қолиш стратегик жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас. Шу боис, Покистон ҳукумати қатор давлат дастурларини ишлаб чиқиб, уларни босқичма-босқич амалга оширишга киришган.

Хусусан, ўлка ҳукумати томонидан 2022–2026 йилларга мўлжалланган Покистон Миллий хавфсизлик стратегияси ишлаб чиқилган эди. Мазкур ҳужжатда Республиканинг прагматик ва геоиқтисодий ёндашувга асосланган сиёсат сари юз тутгани очиқ ифодаланган. Унда Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни кенгайтириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш устувор йўналиш сифатида белгиланган.

Қайд этиш керакки, Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасидаги боғлиқлик тарихан шаклланган табиий жараён бўлган, бироқ мустамлакачилик даврида ҳудудларни сунъий равишда ажратиш сиёсати натижасида бу алоқалар узилиб қолган ва янги геосиёсий шароитлар юзага келган. Икки қутбли дунё даврида минтақалараро ҳамкорлик минимум даражага тушиб, савдо йўналишлари ҳамда транспорт йўлаклари шунга мос равишда ривожланган. 

Афғонистонда нисбий барқарорлик шаклланиши билан мазкур йўналишнинг стратегик имкониятлари яна фаол муҳокама қилина бошланди. Покистон учун Афғонистон орқали Марказий Осиёга чиқиш транспорт-логистика тизимини ривожлантириш, янги йирик бозорларга кириш ҳамда инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш имконини беради. Марказий Осиё давлатлари учун эса Покистон портларига чиқиш нафақат Жанубий Осиё, балки Яқин Шарқ бозорларига ҳам йўл очади.

Бугунги кунда Покистон ҳукумати “URAAN Pakistan” номли кенг кўламли ва узоқ муддатли стратегик дастур асосида фаолият юритмоқда. Ушбу режа 2047 йилгача мамлакат иқтисодиётини 3 триллион долларлик кўрсаткичга етказишни мақсад қилган бўлиб, асосий вазифалардан бири Покистонни йирик экспортчи давлатлар қаторига олиб чиқишдир.

Мазкур мақсадга эришишда аввало, Марказий Осиё билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда “Хитой-Покистон иқтисодий коридори” лойиҳаси имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш кўзда тутилган. Шунингдек, дастур мамлакатни замонавий технологияларга таянган, экспортга йўналтирилган иқтисодий моделга ўтказиш орқали мавжуд макроиқтисодий беқарорликни юмшатишга қаратилган.

Маълумки, 2025 йилнинг декабрь ва 2026 йилнинг февраль ойларида Қирғизистон, Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон етакчилари Покистонга давлат ташрифларини амалга оширди. Расмий Исломобод учун ушбу ташрифлар Марказий Осиё билан алоқаларда савдо-иқтисодий ҳамкорлик, транспорт-логистика тизими, инвестиция оқимлари ва ҳарбий соҳадаги умумий манфаатларга таянган янги босқични бошлаб берди, дейиш мумкин. Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик стратегиясида Покистоннинг ўрни тобора яққол намоён бўлмоқда. Бу жараён Афғонистоннинг фаол иштироки орқали минтақанинг барқарор ривожланиш йўлига чиқишига ҳам туртки бериши мумкин.

Покистоннинг Марказий Осиёга қаратилган сиёсатида Ўзбекистон алоҳида, ҳатто марказий ўрин тутади. Сабаби, юртимиз бугунги кунда минтақадаги энг жадал ривожланаётган давлатлардан бири бўлиши билан бирга, Марказий Осиёнинг “дарвозаси” вазифасини бажаради. Қолаверса, минтақадаги энг кўп аҳолига эга бўлган ўлка ҳам айнан Ўзбекистон бўлиб, бу Покистон экспортчилари учун салмоқли бозор демакдир.

Покистон расмий доиралари Президентимиз Шавкат Мирзиёевни минтақавий интеграция жараёнларининг “драйвери” сифатида эътироф этишади. Шу боис, Ўзбекистон орқали минтақанинг бошқа давлатларига чиқиш Покистон учун нисбатан қулай ва самарали йўл сифатида кўрилмоқда.

Бу хулосани икки томонлама муносабатлар динамикаси ҳам тасдиқлайди. Хусусан, Покистон Марказий Осиё давлатлари орасида стратегик шериклик муносабатларини энг аввал Ўзбекистон билан — 2021 йилда йўлга қўйган. Таққослаш учун, Тожикистон билан стратегик шериклик 2024 йил 2 июлда ўрнатилган бўлса, Қозоғистон билан бундай мақом 2026 йил февраль ойида Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Исломободга ташрифи чоғида белгиланди. Қирғизистон президенти Садир Жапаров эса сўнгги 20 йил ичидаги илк расмий ташриф билан Покистонда бўлди.

Туркманистон билан стратегик ҳамкорликнинг асосий пойдевори эса “TAPI Gas Pipeline” — Туркманистон–Афғонистон–Покистон–Ҳиндистон газ қувури лойиҳаси ҳисобланади. Ушбу ташаббус минтақалараро энергетик интеграциянинг муҳим бўғини сифатида кўрилади.

Савдо-иқтисодий кўрсаткичлар ҳам минтақа билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг етакчи ўрнини кўрсатади. 2025 йил ноябрь ҳолатига кўра, ўзаро савдо ҳажми 17 фоиз ошиб, 434 миллион доллардан зиёд кўрсаткични қайд этди. Стратегик мақсад — яқин йилларда бу рақамни 2 миллиард долларга етказиш. Қозоғистон билан савдо айланмаси ҳам икки баробардан ортиқ ўсиб, 86 миллион долларни ташкил этди. Томонлар ушбу кўрсаткични истиқболда 1 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда.

Минтақа ва Покистон ўртасидаги ҳамкорликда транзит омили алоҳида аҳамият касб этмоқда. 2025 йилда Покистон ҳудуди орқали Марказий Осиё давлатларининг транзит савдоси ҳажми 410 миллион долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич минтақа мамлакатларининг Гвадар ва Карачи портларига қизиқиши ортиб бораётганини яққол кўрсатади.

Диёримиз Покистон портларига чиқиш мақсадида Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон темир йўли лойиҳасини илгари сурмоқда. Мазкур ташаббус бўйича дастлабки келишувлар имзоланган. Жорий йил бошида амалга оширилган ташриф доирасида Қозоғистон расмийлари Покистоннинг олий даражадаги вакиллари билан “Қозоғистон–Туркманистон–Афғонистон–Покистон” йўналиши бўйича темир йўл қурилиши истиқболларини муҳокама қилди.

Ушбу ташаббусга эҳтиёж туғилишига Қирғизистон ва Хитой орқали Покистонга олиб борадиган йўлнинг қиш мавсумида ёпилиб қолиши сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Қозоғистон мазкур лойиҳага 2024 йилда Туркманистон таклифи билан қўшилган ва 687 километрли темир йўл қурилиши харажатларини тўлиқ ўз зиммасига олишга тайёрлигини билдирган.

Покистоннинг Тожикистон билан алоқалари ҳам ўзига хос хусусиятга эга. Икки давлатни Афғонистондаги вазият, хусусан, “Толибон”га нисбатан позиция яқинлаштириб туради. Шу боис мудофаа ва терроризмга қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлик икки томонлама муносабатларда муҳим ўрин эгаллайди.

Энергетика йўналишида эса “CASA-1000” лойиҳаси марказий ўринда туради. Мазкур ташаббус Тожикистон ва Қирғизистондан Покистонга электр энергияси экспортини назарда тутади. Лойиҳа якуний босқичга яқинлашган бўлиб, 2027 йилгача илк электр узатмаларини амалга ошириш режалаштирилган.

Исломободнинг Туркманистон билан муносабатлари аввало, энергия ресурслари, хусусан, табиий газ соҳасидаги манфаатлар билан белгиланади. Икки давлат ҳамкорлиги юқори даражадаги ташрифлар, шунингдек, БМТ, ИҲТ (ECO) ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалар доирасидаги ўзаро қўллаб-қувватлаш билан мустаҳкамланмоқда.

Эътиборли жиҳати, 2005 йилдан буён юзага келган танаффусдан сўнг, 2025 йил 3–4 декабрь кунлари Қирғиз Республикаси раҳбари Садир Жапаров Покистонга расмий ташриф билан борди. Музокаралар давомида савдо, энергетика, мудофаа, таълим, туризм ҳамда минтақавий интеграция йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди. Хусусан, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлини ривожлантириш, Покистон портларидан фойдаланиш ва “CASA-1000” лойиҳасини жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Умуман олганда, Покистон ўзининг қулай геосиёсий жойлашувидан самарали фойдаланиб, Марказий Осиё давлатларига денгиз портларига чиқиш имконини таклиф этмоқда. Айни пайтда мамлакат минтақамиз бозорларига кириш, транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда энергия ресурсларини импорт қилишдан манфаатдор. Прагматик ёндашувга асосланган ушбу ҳамкорлик келгусида томонлар учун истиқболли ва стратегик аҳамиятга эга бўлиб қолиши кутилмоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА