English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлиги юксалмоқда!
17:05 / 2023-07-21

Бугун Марказий Осиё халқаро институтида “Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши: устувор вазифа ва истиқбол” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Йиғилишда мамлакатимиз Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар давлати, Қувайт ва Ўмон Султонлиги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, шунингдек, жамоатчилик ва сиёсий доира вакиллари, етакчи таҳлил марказлари экспертлари иштирок этди.

Тадбир доирасида 19-20 июль кунлари Жидда шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” биринчи саммити якунлари муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбарининг таклиф ва ташаббуслари мазмуни таҳлил этилди.

Икки минтақа ўртасида сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, савдо, сармоя, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, экология ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.

– Минтақаларимиз ўртасидаги муносабатни стратегик жиҳатдан ривожлантиришга эҳтиёж кучайиб бораётган бир даврда Жиддада саммит уюштирилиши айни муддао бўлиб, мавжуд алоқаларимизни кучайтиришга хизмат қилади, – деди БААнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Саид ал-Қамзий. – Муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида шериклик муносабатини янада мустаҳкамлашга оид қимматли фикрларни билдирди.

БАА элчиси, шунингдек, таклиф, хулосалар умумлаштирилиб, муҳим вазифалар келишиб олинганини маълум қилди. Билдирилган фикр, мулоҳазалар, давлат раҳбарлари илгари сурган таклифлар тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Давлатимиз раҳбари муқаддас ислом дини бўлган умумий эътиқод, яқин савдо алоқалари, муштарак қадрият ва анъаналарга асосланган чуқур тарихий боғлиқликни алоҳида таъкидлагани эътироф этилди.

[gallery-12847]

Хорижий экспертлар Ўзбекистон етакчисининг бугунги таваккалчилик, қийинчиликка қарамай, икки минтақа тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт макони бўлиб қолаётгани хусусидаги фикрига бир овоздан қўшилди. Марказий Осиё ва Кўрфаз давлатлари бир-бирини ишончли, узоқ муддатли ҳамкорлар сифатида билиши юқори баҳоланди.

Таъкидланишича, кейинги йилларда минтақамиз ва араб давлатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг ўзига хос, жадал ўсиш суръати кузатилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда етакчи компания ва банклар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг умумий қиймат 20 миллиард доллардан ошади.

– Саммитда мамлакатлар етакчилари шериклик тамойилини мустаҳкамлашга қаратилган ўта муҳим, долзарб фикрлари билан иштирок этгани аҳамиятли, – деди Саудия Арабистонининг юртимиздаги элчихонаси миссияси раҳбари ўринбосари, муваққат ишлар вакили Талал Самир Ал-Содиқ. – Энг асосийси, олдимизда турли соҳаларда кенг кўламли ишларни йўлга қўйишдек улкан вазифа турибди. Инновация, “сунъий” интеллект, “яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, биотехнология каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш учун майдон, иш механизми яратиш зарур.

Қайд этиш жоиз, ўтган олти йил ичида Марказий Остёда туб ўзгаришлар рўй берди. Давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли минтақада сармоявий ҳамкорлик фаоллашди, савдо-саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар соҳаларда кўплаб янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Учрашув чоғида айни ўзгаришлар самараси ўлароқ, минтақалараро масалалар бўйича келишилган ёндашувни изчил ривожлантириш, БМТ, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ каби халқаро тузилмалар фаолиятини мувофиқлаштириш, жумладан, “Марказий Осиё +” мулоқот формати доирасида етакчи давлатлар билан муносабатни йўлга қўйишга алоҳида эътибор берилаётгани таъкидланди.

Анжуман дастурига мувофиқ, элчихоналар вакиллари ҳам сўз олиб, саммитда ўз давлатлари раҳбарлари томонидан илгари сурилган таклифлар мазмунига тўхталди. Муборак Жидда шаҳрида ўтган илк мулоқот халқларимиз фаровонлигини ошириш, маданият ва дин муштараклигини, пировардида дўстона шерикликни яна бир поғона кўтариш сари қўйилган дадил қадам сифатида эътироф этилди.

Беҳруз Худойбердиев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА