“Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши – Марказий Осиё” Стратегик мулоқотининг илк вазирлар учрашуви 2022 йил 7 сентябрь куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган.
Ўшанда Баҳрайн, Қатар, Кувайт, БАА, Ўмон, Саудия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари Кенгаш мамлакатлари ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги сиёсат, хавфсизлик, савдо ва инвестиция, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар ва спорт соҳаларидаги муносабатларнинг жорий ҳолати ҳамда истиқболини муҳокама қилгандилар.
Умумий қадрият ва анъаналарга эга Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари халқлари ўртасида яқин савдо алоқаси қадимдан мавжуд. Биринчи навбатда, муқаддас Ислом дини халқларимизни бирлаштирувчи қудратли омил ҳисобланади.
2023 йил 19 июль куни Саудия Арабистонида беш республика раҳбарлари араб ҳамкасблари билан учрашди. Жидда шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши аъзоларининг илк саммити бўлиб ўтди. Бир томондан мазкур тадбир сўнгги йиллардаги халқаро тенденция – минтақалар дўстлашиши тамойилига эҳтиром эди. Бошқа томондан томонлар, ҳақиқатан, иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор. Хавфсизлик билан боғлиқ баъзи муаммолар ҳам юзага чиққан.
Марказий Осиёнинг беш давлати – Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳамда олти араб монархияси – Саудия, Қатар, БАА, Кувайт, Ўмон ва Баҳрайн вакиллари 2027 йилгача ҳамкорлик режасини тасдиқлади. Бу ҳақда “Марказий Осиё + КАДҲК” форматидаги илк саммит якунида маълум қилинди. Икки ва кўп томонлама ҳамкорлик барча соҳаларни қамраб олган: таълим ва туризмдан тортиб, энергетика ва терроризмга қарши курашгача.

Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши (КАДҲК) Бош котиби Жасим Муҳаммад Ал-Будайвийнинг сўзларига кўра, 2021 йил икки минтақавий бирлашма ўртасида товар айирбошлаш миқдори 3,1 миллиард долларни ташкил этган. Бу Араб монархиялари умумий савдосининг атиги 0,27 фоизини ташкил этади. Муҳими, ўсиш сезиляпти, мамлакатлар аллақачон икки томонлама алоқаларни ривожлантирмоқда.
Масалан, Саудия Арабистони Подшоҳлиги мамлакатимизга йўналтирган инвестиция қиймати 20 миллиард доллардан ошди: инфратузилма, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш каби муҳим соҳаларга сармоя киритиш имконияти жуда кенг.
2023 йил декабрда Саудия – Ўзбекистон қўшма комиссияси 6-йиғилиши ва Ишбилармонлар кенгаши 5-йиғилиши ўтказилди.
Саудия тараққиёт жамғармаси билан ҳамкорлик ҳам самара беряпти: шу кунга қадар жамғарма республикамизга турли соҳалардаги 13 лойиҳа асосида 360 миллион доллар ажратган.
Бундан ташқари 100 миллион доллар сармоявий заҳирага эга тараққиёт жамғармаси тузилди.
Қайта тикланадиган энергия манбаларидан самарали фойдаланиш, электр энергияси ва тузсиз сув ишлаб чиқариш ускуналарини молиялаштириш ва ишлаб чиқаришга йўналтиришга ихтисослашган “ACWA POWER” компанияси Ўзбекистон иқтисодиётининг энг йирик сармоядорларидан бири сифатида юртимизга 14 та муқобил ва қайта тикланадиган энергия лойиҳаси учун жами 8,7 миллиард доллар олиб кирган.
2023 йил 5-6 июнь кунлари Қатар амири Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келди. Шавкат Мирзиёев ва Тамим ибн Ҳамад Ол Соний ўртасида бўлиб ўтган олий даражадаги музокара тарихий аҳамият касб этиб, икки томонлама муносабатни сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга кўтарди. Самарқандда ўтган саммитда Ўзбекистон ва Қатар ўртасида 15 ҳужжат қабул қилинди. Энергетика, нефть-кимё, кимё, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва туризм йўналишларида саноат кооперациясини йўлга қўйиш ва бошқа муҳим соҳаларда амалий алоқани кенгайтиришга қаратилган, умумий қиймати 10 миллиард доллардан ошадиган инвестиция битимлари, савдо шартномалари имзоланди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон – Қатар савдо-иқтисодий алоқалари жадаллашмоқда. 2022 йил ўзаро савдо қиймати 4,8 миллион долларни ташкил этган. 2023 йил эса январь-август ойларидаёқ ушбу кўрсаткич 4,5 миллион долларга етди. Ўсиш даражаси сезилиб турибди.
2021 йил ноябрь ойидаги тендер натижасида Қатарнинг “Nebras Power” компанияси Франциянинг “EDF” ва Япониянинг “Sojitz Corporation” ширкатлари билан бирга тузилган консорциум таркибида Сирдарёда иссиқлик электростанцияси қуришда иштирок этмоқда. Мазкур лойиҳага асосан, қуввати 1600 МВт бўлган мажмуага 1,2 миллиард доллар сармоя киритилиши ва объект 2024 йил фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон билан БАА ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик бугунги кунда юксак даражага чиққан.
2023 йил якунига кўра, ўзаро савдо ҳажми 20 фоиз кўтарилди. Ўзбекистонда Амирликлар сармояси иштирокида 300 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, қўшма лойиҳалар қиймати 4 миллиард доллардан ошди. Юқори технологиялар, энергетика, геология, қишлоқ хўжалиги, туризм, IT, инфратузилма, логистика ва бошқа соҳаларда истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Ўзбекистон – Ўмон савдо-иқтисодий алоқалари ҳам йил сайин ривожланмоқда. Биргина мисол: 2019 йил биринчи чорагида эришилган ўзаро савдо-сотиқ миқдори 2018 йилдаги жами товар айланмасига нисбатан, қарийб, уч баробар ортган. Ўзбекистондан Ўмонга, асосан, рангли металл ва рангли металлдан ишланган буюмлар, хизмат, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари экспорт қилинади. Ҳамкор мамлакатдан эса бизга қурилиш моллари, жумладан гипс, тош ва тошдан ишланган маҳсулотлар, косметика ва парфюмерия воситалари кириб келади.
Ҳозир мамлакатимизда Ўмон Султонлиги капитали иштирокида масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилган “Ўзбекистон – Ўмон инвестиция компанияси” ва “Узоманкапитал” иқтисодиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда. “Узоманкапитал” компанияси томонидан иқтисодиётнинг турли секторларида умумий қиймати 190 миллион доллардан иборат 14 инвестиция лойиҳаси молиялаштирилди.
Айни кунларда Ўмон тадбиркорлари ва хусусий бизнес вакиллари билан қўшма корхоналар ташкил этиш мақсадида қатор лойиҳалар устида иш олиб бориляпти.
Кўрфаз араб мамлакатлари Марказий Осиё давлатлари учун хавфсиз сармоя, самимий муносабат, очиқ манзиллар манбаи ҳисобланади. Зеро, Форс кўрфази давлатлари минтақамиздаги республикалар сингари тўғридан-тўғри чегара ёки мафкуравий макон билан боғланмаган. Шу нуқтаи назардан Кўрфаз ҳудуди ишонч, иқтисодий алоқа ва манфаат алмашинуви манбаига айланиши мумкин.
Ўз навбатида Кўрфаз давлатлари барқарорлик, хавфсизлик ва фаровонликка эга Марказий Осиёни мудом қўллаб-қувватлайди. Икки томон хавфсизлик, тараққиётни ривожлантириш ,тинчлик, дўстлик ва ҳамкорликни таъминлашда бир-бирини тўлдирувчи вазифасини ўтайди. Шу боис ҳамжиҳатлик сари қадамлар жадал суръат олган.
Бутун Форс кўрфази ва ҳатто, халқаро миқёсда жиддий қизиқиш уйғотган Кўрфаз ва Марказий Осиё давлатлари Жидда саммити умумий стратегик манфаатларга эришиш, таниш муаммоларни енгиб ўтишга қаратилган ўта муҳим воқелик бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу саммитда сўзга чиқиб, улкан иқтисодий, табиий ва интеллектуал ресурсларга эга Кўрфаз давлатларининг глобал барқарорлик ва энергетика хавфсизлигини таъминлашдаги ўрнини алоҳида таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари ижобий тажрибадан келиб чиқиб, икки минтақа ўртасида сиёсат, технология ва инвестиция, “яшил” иқтисодиёт, савдо ва транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, экология ва иқлим ўзгариши, туризм, маданият ва таълим каби қатор муҳим йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф қилди. Ўзбекистон етакчисининг ташаббуслари барча иштирокчи мамлакатлар томонидан якдил қўллаб-қувватланди.
Таъкидлаш керак, сўнгги йилларда республикамизнинг Кўрфаз араб давлатлари билан алоқалари янги поғонага кўтарилди. Ўзаро манфаатли ҳамкорлик барча соҳаларда фаол ривожланмоқда. Олий ва юқори даражадаги ташрифлар алмашиляпти. Ушбу тузилмага аъзо мамлакатлар билан товар айирбошлаш, қўшма лойиҳалар амалга ошириш изчил тус олган.
Маълумки, Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари иккинчи саммитини Самарқандда ўтказишга келишилган. Бўлажак анжуманда томонлар бир-бири салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш йўлида навбатдаги дадил қадамларни қўйишига шубҳа йўқ. Зеро, ҳозирги саъй-ҳаракатлар жадал ривожланаётган икки минтақа давлатлари ўртасида ўзаро тушуниш, ишончли мулоқот ва тенг ҳуқуқли шерикликка асосланган занжирни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА