Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиё ва Корея: рақамли интеграция ҳамда яшил иқтисодиёт бўйича лойиҳалар амалга оширилади
15:17 / 2025-12-16

Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг учинчи йиғилиши доирасида “Иқтисодий ҳамкорлик, рақамли трансформация ва саноат: минтақа давлатларининг фаровонлиги йўллари” мавзусида сессия бўлиб ўтди.

Унда минтақавий иқтисодий алоқаларнинг сўнгги йиллардаги ўсишига эътибор қаратилди. Икки минтақа ўртасида амалга оширилган йирик қўшма лойиҳалар, кенгайиб бораётган шериклик ва мустаҳкамланиб бораётган ўзаро ишонч эътироф этилди.  

Сессия мобайнида узоқ муддатли, барқарор ва стратегик иқтисодий ҳамкорликка йўналтирилган тизимли ёндашувни шакллантиришга эътибор қаратилди.

Парламент аъзолари инвестицияларни рағбатлантириш ва молиявий ҳамкорликни кенгайтириш, минтақавий иқтисодий боғлиқликни кучайтириш механизмларини такомиллаштириш, рақамли трансформацияни қўшма саъй-ҳаракатлар билан ривожлантириш ҳамда парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун зарур қонунчилик базасини шакллантириш бўйича таклифлар билдирди.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги стратегик шерикликнинг амалий натижалари, савдо-иқтисодий алоқаларнинг барқарорлиги, қўшма корхоналар ва инвестиция лойиҳаларининг ривожланиши юзасидан фикр алмашилди.

Иштирокчиларнинг сессиядаги чиқишларида рақамли иқтисодиёт, саноат, энергия, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳаларида келгусида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига урғу берилди.

Сессия якунида иқтисодий ҳамкорликни стратегик йўналиш сифатида ривожлантириш, қўшма технологиялар ва саноат кластерларини шакллантириш, шунингдек, рақамли интеграция ҳамда яшил иқтисодиёт бўйича лойиҳаларни яқин истиқболда амалга оширишга келишиб олинди.

Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА