Тошкент шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг “Инсон қадр-қиммати, ижтимоий адолат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўлида ҳамкорлик” мавзусида учинчи йиғилиши муваффақиятли якунланди.
Юздан зиёд парламент раҳбарлари ва аъзолари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, дипломатик корпус вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган йиғилиш доирасида “Миллий мерос” номли халқ амалий санъати кўргазмаси ҳамда республика миллий-маданий марказларининг бадиий кўргазмалари ташкил этилди.
Тадбир доирасида иқтисодий ҳамкорлик, рақамли трансформация ва саноатни ривожлантириш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик ташаббусларни амалга оширишда парламентларнинг ўрни масалалари муҳокама қилинди. Парламентлар таҳлилий марказлари ва илмий доиралари вакилларининг парламент фаолиятини илмий-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Йиғилиш доирасида Сенат Раиси, Қонунчилик палатаси Спикерининг парламент раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлари ўтказилди.

Ялпи мажлисда парламентлараро ҳамкорликнинг асосий йўналишларини қамраб олган Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раислари учинчи йиғилишининг қўшма декларацияси қабул қилинди.
Хусусан, рақамли технологияларни ривожлантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимоя, гендер тенглик ва инсон ҳуқуқларини илгари суриш, таълим, фан, маданий-гуманитар алмашинув соҳаларида ҳамкорликни фаоллаштириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Раиси У Вон Сик Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон Давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома ратификациясини тарихий аҳамиятга эга воқеа сифатида баҳолади.
Ўзбекистоннинг сунъий интеллект соҳасида минтақада етакчи ўрин эгаллаётгани алоҳида таъкидланди. Мамлакатда 5 миллион мутахассисни сунъий интеллект соҳасида тайёрлашга қаратилган кенг кўламли дастур амалга оширилаётгани қайд этилиб, бу Ўзбекистоннинг стратегик қарашларини акс эттириши ва Марказий Осиёда замонавий технологияларга барқарор талабни шакллантираётганига эътибор қаратилди.
Муҳокама давомида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, минтақада барқарор ривожланишни таъминлаш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш масалалари долзарблиги қайд этилди.
Делегациялар Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди ва унинг фаолияти билан яқиндан танишди.
Мазкур йиғилиш ўзаро ишонч ва амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг самарали майдонига айлангани иштирокчилар томонидан эътироф этилди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА