English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиё ва Кавказ инвестиция кенгашлари минтақавий альянси ташкил этилади
11:27 / 2025-11-19

Тошкентда Хорижий инвесторлар кенгашининг бешинчи оралиқ сессияси бўлиб ўтди. Тадбир “Мулоқотдан амалиётга” мавзусида иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишни жадаллаштиришга қаратилган лойиҳалар муҳокамасига бағишланди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов раислигида, ЕТТБнинг Марказий Осиё бўйича бошқарувчи директори Анди Аранитаси модераторлигида ўтган сессияда 50 дан зиёд йирик халқаро корпорациялар – ACWA Power, VisionInvest, Franklin Templeton, Coca-Cola, Yandex, Masdar каби молия институтлари ва Ўзбекистоннинг асосий давлат идоралари раҳбарлари иштирок этди.

Анжуманда асосий эътибор тадбиркорлик йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, идоралараро мувофиқлаштиришни яхшилаш ва 2026 йилга мўлжалланган стратегик кун тартибини белгилашга қаратилди. Сўнгги олти ой мобайнида 40 дан ортиқ аниқ ташаббусларни ишлаб чиққан Кенгашнинг саккизта ихтисослашган ишчи гуруҳи томонидан эришилган муҳим ютуқлар қайд этилди.

Қизғин муҳокамалар чоғида инвесторлар солиқ маъмуриятчилиги, ер ажратиш тартиб-таомиллари ва энергетика секторини режалаштириш билан боғлиқ муаммолар юзасидан очиқ фикр-мулоҳаза билдирди.

– Бизнинг асосий эътиборимиз аниқ: ижро тезлиги ва ҳисобдорлик, – деди вазир Лазиз Қудратов. – Ушбу сессия бизнинг тўсиқларни тезкор бартараф этишга содиқлигимизни намойиш этади. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бугун қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлайди.

Сессияда кенгаш 2026 йил учун бир қатор стратегик ташаббусларни маъқуллаш орқали келажакдаги иқтисодий ўсиш омилларини фаол кўриб чиқди. Жумладан, экологик, ижтимоий ва бошқарув стандартларига эътибор кучайтирилади, бунда Coca-Cola компанияси Кенгаш фаолиятида етакчи ролни ўз зиммасига олади.

Шунингдек, тадбир Санъат ва маданиятни ривожлантириш жамғармаси бошчилигида креатив индустриялар фаолиятини ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар муҳокамаси билан ҳам қизғин кечди. Минтақанинг коллектив инвестиция муҳитини яхшилаш мақсадида Осиё тараққиёт банки (ОТБ) томонидан таклиф этилган Марказий Осиё ва Кавказ инвестиция кенгашлари минтақавий альянсини ташкил этиш ҳам маъқулланди.

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,

ЎзА