Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиё ва Кавказ боғлиқлигини мустаҳкамлайдиган ташриф
15:10 / 2023-08-28

Ўзбекистон ва Озарбайжон маданият, тил ва дин умумийлигига асосланган азалий дўст-биродар. Тарихдан маълум, Буюк Ипак йўли ҳар икки давлат ҳудудидан ўтган, Бокудаги Бухоро карвонсаройи ягона тарихий-маданий мерос ҳисобланади.

Давлатларимиз ўртасида дипломатик муносабат 1995 йил 2 октябрда ўрнатилган, 1996 йил август ойидан Озарбайжоннинг Тошкентдаги элчихонаси, 1998 йил июлдан буён Ўзбекистоннинг Бокудаги элчихонаси фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга жорий йил 22-23 август кунлари амалга оширилган давлат ташрифи қардош халқлар ўртасидаги муносабатнинг янги даврини бошлаб берди.

Эътиборлиси, бу давлатимиз раҳбарининг Президентликка қайта сайлангандан кейин хорижга қилган илк давлат ташрифи.

Музокараларда давлат раҳбарлари транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш стратегик муҳим вазифа, деди. Ўтган йил юкларимизни Боку порти орқали ташиш, қарийб, икки баробар ошди. Ўзбекистон Озарбайжоннинг замонавий транспорт тармоғидан фойдаланган ҳолда юк ташиш ҳажмини янада ошириш ниятида.

Шу нуқтаи назардан, Транскаспий йўлаги доирасида қўшма логистика компанияси ташкил этиш, Боку ва учинчи мамлакатлар портларида омбор инфратузилмаси ва логистика марказлари барпо этиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Олий даражадаги музокаралар якунида икки томонлама кўплаб ҳужжатлар имзоланди.

“Озарбайжон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Давлатлараро Кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги Битим” энг аҳамиятли ва муҳим ҳужжат бўлди.  Бу келишув ҳукуматлар даражасидаги муносабатни бутунлай янги даражага олиб чиқиш учун мўлжалланган.

Ташриф давомида давлатлар, ҳукуматлар ва идоралар даражасида жами 15 та ҳужжат қабул қилинди.

Қувонарлиси, фуқароларнинг визасиз саёҳати тўғрисидаги битимга қўшимча ва ўзгариш киритилди. Электрон рухсатнома қоғозини электрон шаклда алмашишга қаратилган ахборот тизимини жорий этиш, маданий соҳада ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишувларга эришилди. Оилалар ва болаларни ҳимоя қилиш, озиқ-овқат хавфсизлиги, киберхавфсизлик соҳаларида, шунингдек, Хавфсизлик кенгаши котибиятлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.

Ушбу ҳужжатлар ўзаро ҳамкорликнинг қатор истиқболли йўналишлари бўйича амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Мамлакатларимиз етакчилари, шунингдек, энергетика, машинасозлик, металлургия, шаҳарсозлик, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати, тўқимачилик, ипакчилик, фармацевтика, электротехника ва бошқа соҳаларда саноат кооперациясини чуқурлаштириш истиқболини ҳам муҳокама қилди.

Жорий йил Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида 500 миллион долларлик инвестиция жамғармасини ташкил этиш бўйича икки томонлама битим имзоланди. Бу жамғарма иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги қўшма сармоявий лойиҳаларни ишга тушириш ва янги иш ўринлари яратишни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этиши кутилмоқда.

Томонлар жамғарма капиталини кўпайтиришга келишиб олдилар. Ҳозир Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокидаги 204 корхона фаолият юритмоқда. Шундан 67 таси қўшма корхона, 137 таси хорижий корхона. Жорий йил бошидан 22 қўшма корхона ташкил этилди.

Маданий-гуманитар алоқани мустаҳкамлаш, хусусан, Маданият ва кино кунларини, ижодий ва илмий зиёлилар, ёшлар ташкилотлари учрашувларини ўтказишга келишилди. Жорий йил Ўзбекистонда илк бор Ўзбекистон – Озарбайжон ёшлар форуми ташкил этилади.

Олий даражадаги мазкур ташрифнинг яна бир муҳим воқеаси Фузулий шаҳрида Мирзо Улуғбек номли 1-умумтаълим мактаби очилиши бўлди.

Озарбайжон Президенти “Бу хорижий давлатнинг Қорабоғни тиклашдаги биринчи совғаси. Биз биродарлик, ҳамжиҳатлик ва қўллаб-қувватлаш намунаси бўлган ушбу туҳфани юксак қадрлаймиз. Мактаб, ҳақиқатан, таълим-тарбия саройи, ўзбек халқининг буюк фарзанди Мирзо Улуғбек номига муносиб даргоҳ, дўстлигимиз, биродарлигимизнинг яна бир маркази бўлишига ишончим комил.” дея таъкидлади.

Бир сўз билан айтганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга давлат ташрифи икки томонлама муносабат ривожида муҳим босқич бўлди. Муболағасиз айтиш мумкинки, ҳамкорлик ва дўстона алоқа мустаҳкамланишида янги давр очди. Бу бутун минтақа учун фойдали ва самарали бўлиши шубҳасиз.

Учрашув давомида эришилган муҳим келишувлар нафақат икки давлат ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликка янги суръат бағишлайди, балки Марказий Осиё ва Кавказ минтақаси ўртасидаги ўзаро боғлиқликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу ташрифини Шарқ-Ғарб ва Шимол-Жануб йўналишлари бўйлаб барқарор транспорт-коммуникация йўналишлари тизимини шакллантиришга қўшилган улкан ҳисса сифатида баҳолаш мумкин.

Мобил Мамедов,

Республика Озарбайжон миллий

маданият маркази раиси