Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиё ва Каспий форуми: муқобил энергияга яшил чироқ
17:54 / 2021-02-19

Ўзбекистон 2025 йилга қадар умумий қиймати 5,3 миллиард доллар бўлган 810 та лойиҳани амалга оширади. Лойиҳалар орасида Ўзбекистоннинг 25 та энг йирик корхонасида энергия сарфини камайтириш ҳам режалаштирилган. Бу рақамлар юртимизда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш дастурида келтирилган.

Ҳисоб-китобларга кўра, саноатнинг юқори даражада жадал ривожланиши 2030 йилда мамлакатимизнинг электр энергиясига бўлган талаби 105 миллиарддан зиёд киловатт-соатни ташкил этишини кўрсатмоқда.

Шу боис ҳам юртимизда муқобил энергия манбаларини ҳаётга янада кенг татбиқ этиш кун тартибидаги масалага айланмоқда. Сабаби, уларнинг гелио, гидро ва шамол энергияси, биомасса каби турлари деярли беқиёсдир ва қайта тикланаверади, ҳозирги жадал инновацион тараққиёт даврига жуда мос, янги иш ўринлари яратишда айни муддао.

Қолаверса, шу асосда ишловчи техника ҳамда технология экологик жиҳатдан тоза, атроф-муҳитга безарар, техноген ҳалокатларга олиб келмайди.

– Ҳозир ишлаб чиқарилаётган умумий энергиянинг 12 фоизи бизнинг ҳиссамизга тўғри келади, – дейди “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Ҳасан Ҳасанов. 

– Жорий йилда қурилиши кутилаётган ГЭСлар ҳисобидан улушимизни 17 фоизгача олиб чиқиш мўлжалланмоқда. Лойиҳаларимиз жуда кўп. Шунингдек, хорижий компанияларнинг бизга қизиқиши юқори. Мақсадимиз келгусида қувватларимизни икки баробарга ошириш ва

лойиҳалар учун тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилиш. Чунки, икки миллиард доллар атрофидаги лойиҳаларнинг ҳаммасини амалга оширишга имкониятимиз етмайди. Бўлиб ўтган форумда қўшни давлат вакиллари билан бир қатор келишувга эришдик.

Келгусида қўшни давлатлар билан ҳамкорликда ГЭСлар қуриш режамиз ҳам бор. Мисол учун, Тожикистон билан Зарафшонда қурмоқчимиз, маблағ масаласи ҳал этилмагани учун тўхталиш бўлиб турибди. Бироқ Тожикистон ёки Қирғизистонда қургандан кўра, ўзимизнинг гидро салоҳиятимизни ривожлантириш ҳам муҳимроқ биз учун.

– Бизда ишлаб турган барча лойиҳалар Ўзбекистондаги лойҳалаштириш институтига тегишли, – дейди Сателлит 2005 корхонаси бош директори Адилбек Мирзаматов (Қирғизистон).

– Биз ҳозир ҳам улар билан маслаҳатлашиб турамиз. Ҳамкорлик қиламиз. Бизда кичик ва хусусий ГЭСлар жуда кўп. Чунки, бизда дарёлар кўп. Ўзим ҳам кичик сувлардан электр энергияси ишлаб чиқариш билан шуғулланаман. Ана шу хусусий ГЭСнинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш бўйича форум доирасида лойиҳалаш институти ва “Ўзбекгидроэнерго” вакиллари билан ҳамкорлик борасида келишиб олдик.

Қайд этиш керакки, ҳозир бир қатор давлатлар соҳа ривожига қаратилган лойиҳаларни амалиётга тобора кенг жорий этаяпти, бунинг учун инвестиция йўналтирмоқда, истиқболли ишланмалар ҳамда тадқиқотлар қўллаб-қувватланмоқда. Жумладан, юртимизда давлат-хусусий шериклиги асосида микро ГЭСларни қуришга маҳаллий тадбиркорлар ҳам жалб этилиши кутилмоқда.

 

Сайёра Шоева, ЎзА