Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатлари Бош прокуратураларининг ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда
14:20 / 2026-01-22

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатлари Бош прокуратуралари ўртасида жиноят-ҳуқуқий соҳада халқаро ҳамкорлик самарадорлигини оширишга қаратилган янги ҳимояланган электрон платформанинг тақдимотига бағишланган минтақавий учрашув бўлиб ўтди.

Мазкур платформа БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Афғонистон, Марказий Осиё, Эрон ва Покистон бўйича минтақавий ваколатхонаси ҳамда АҚШ Давлат департаментининг Халқаро наркотиклар айланмасига қарши курашиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти бўйича бюроси (INL) кўмагида амалга оширилаётган “Халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жараёнларини рақамлаштириш” лойиҳаси доирасида яратилган.

Тадбирда Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатлари Бош прокуратуралари вакиллари иштирок этди.  

Унда иштирокчиларга ушбу рақамли тузилманинг функционал имкониятлари ҳақида маълумот тақдим этилди. Шунингдек, платформа доирасида томонлар ўртасидаги ҳамкорликни тартибга солувчи кўп томонлама меморандум лойиҳаси юзасидан фикр алмашилди.

Иштирокчилар янги электрон платформадан фойдаланиш истиқболларини муҳокама қилиб, у жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, экстрадиция ва жиноят-ҳуқуқий соҳадаги бошқа ҳамкорлик йўналишларида фаолиятни ўзаро мувофиқлаштиришни яхшилаш ҳамда самарадорликни оширишга хизмат қилиши қайд этди.

Учрашув иштирокчилари бўлиб ўтган мулоқот ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга янги туртки беришини таъкидлади.

Ташриф доирасида хорижий мутахассислар Ўзбекистон прокуратураси тарихи музейига ташриф буюриб, идоранинг кўп йиллик тарихи, тажрибаси ва фаолияти билан яқиндан танишди.

Н.Абдураимова, ЎзА