Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиё ва Хитой: Ўзаро тенг ҳуқуқли шериклик ва ёрдамга асосланган ҳамкорлик
17:56 / 2023-05-18

Тарихий манбаларда келтирилишича, милоддан аввалги 138 йилда Хитой императори У-Ди Чжан Цянни Ўрта Осиё ерларига жўнатади. Элчи Чжан Цян хуннларга қарши курашиш учун иттифоқчи излаб келган эди. Кейинчалик Чжан Цян юрган йўлларда Хитойни Ўрта ва Ғарбий Осиё билан боғлайдиган карвон изи пайдо бўлади. Бу йўл “Буюк ипак йўли” аталиб, узунлиги 12 000 км эди. Ўз даврида беқиёс аҳамиятга эга бўлган бу йўлнинг дастлабки тармоғи Хитойдаги Сиань шаҳридан бошланиб, Шарқий Туркистон, Ўрта Осиё, Эрон, Месопотамия орқали Ўрта Ер денгизигача чўзилган.

Ипак йўли ривожланиб борган сари подшолар ўзаро элчи юбориш, совға инъом этиш анъанасини йўлга қўйишади. Савдо-сотиқ мисли кўрилмаган даражада ривожланиб, Шарқ билан Ғарб маданиятининг бир-бирига таъсири кучаяди. Давлатлар ривожланишидаги кўплаб маданий ўхшашликлар ҳам шу туфайли юзага келди.

Бундан 32 йил аввал Марказий Осиёдаги беш давлат мустақилликка эришгач, кучли шериклар топишга интила бошлади. МДҲ давлатлари ўртасида кундан-кун ривожланаётган истиқболли, стратегик аҳамият касб этиб бораётган ҳамкорлик айни пайт бутун дунё, қолаверса, АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатлари эътиборига тушган.

Хитой Марказий Осиёнинг барча беш давлати билан кенг қамровли стратегик шериклик ўрнатган. “Бир макон, бир йўл” ташаббуси ҳам минтақа ижобий томонга ўзгаришини таъминламоқда.

ШҲТ, “Бир макон, бир йўл” сингари Хитой иштирокидаги ташаббуслар аввалдан мавжуд бўлса-да, расмий Пекин Марказий Осиё билан янгича форматдаги шерикликка ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.

Айни кунларда Чжан Цян икки минг йил аввал Марказий Осиё бўйича миссиясини бошлаган Сиань шаҳри илк “Марказий Осиё – Хитой” саммити иштирокчиларини қабул қилмоқда.

Мазкур олий даражадаги учрашув кўп қиррали шерикликни янада мустаҳкамлаш билан боғлиқ муҳим масалаларга доир умумий ёндашувларни белгилаш, айни йўналишда самарали механизм ишлаб чиқиш имконини яратади.

Мустақилликка эришган МДҲ давлатлари ягона шерикка таяниш сиёсатини қайта кўриб чиқиб, дунё билан алоқада бетарафлик ва диверсификацияга интилишни ёқламоқда. Кўп йиллик дўстлик тарихига эга, яқин қўшни Хитой ҳар жиҳатдан бу мақсадга мос тушади.

1992 йил январь ойи бошида Хитой биринчилардан бўлиб беш давлат билан дипломатик алоқа ўрнатган. Хитой ва Марказий Осиё учун 3300 километрдан узун умумий чегарани ҳимоя қилиш миллий хавфсизлик ва иқтисодий режалаштириш учун жуда муҳим. Ҳар икки томон учун бирдек зарур жиҳат – ўз ҳудудини терроризм, сепаратизм ва экстремизмнинг кўп йиллик таҳдидидан тозалаш масаласи долзарб аҳамият касб этади.

Бу истак Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Афғонистонга қўшни давлатлар вазирлари йиғилиши ташкил этилишига олиб келди. Аъзо давлатлар ўз тарихидан келиб чиқиб, сиёсий-ҳарбий устунлик фалокат учун хамиртуруш эканлигини англаб етган. Шу боис, навбатдаги келишув тенглик, ўзаро манфаат, маслаҳатлашув ва хилма-хилликка ҳурмат асосида қурилди.

Ривожланаётган мамлакатлар сифатида Марказий Осиё – “C5” ва Хитой ўз халқи ҳаётини яхшилашга интилади. Мамлакатларимиз фақат ривожланиш орқалигина хавфсизлик муаммосига барқарор ечим топиш мумкинлигини якдил маъқуллашади.

2013 йил сентябрь ойида Хитой раиси Си Цзиньпин Қозоғистонга ташриф буюриб, биринчи марта қадимги Буюк Ипак йўли бўйлаб иқтисодий белбоғни биргаликда тузиш яхши фикр бўлиши мумкинлигини айтди. Денгиз Ипак йўлининг қайта тикланишидан бир ой ўтгач, бу ташаббус “Бир макон, бир йўл” дея номланди.

Хитой билан мазкур ташаббус бўйича ҳамкорлик ҳужжатини дастлаб Тожикистон имзолади. Тез орада бошқа тўрт давлат ҳам зарур қадамни ташлади. Мана, ўн йилдир-ки, айни самарали ҳамкорлик давом этмоқда.

“Бир макон, бир йўл” фаол ишлайди, чунки бу жараён очиқ, шаффоф. Шериклар ҳар қадамда тафсилотни муҳокама қилишади, келишилган йўл харитаси асосида ҳаракатланишади. Барча иштирокчиларга эгалик ҳуқуқи берилади. Тенглик ва ўзаро манфаатдорлик руҳи ҳукмрон.

Бундан ташқари мазкур ғоя логистикани мувофиқлаштиришга ҳам мислсиз кўмак беради. Хитой – Марказий Осиё табиий газ қувури, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон автомобиль йўли, Қамчиқ туннели каби йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Натижа – 2022 йил умумий савдо ҳажми рекорд даражага чиқди – 70 000 миллион доллар. Қиёсланса, 1992 йил айни кўрсаткич, атиги, 460 миллион доллар эди.

Чуқурроқ таҳлил этилса, гуллаб-яшнаётган ҳамкорлик илдизи узоқ тарихга тақалади. Марказий Осиё Ғарбий Хитой билан кўп қиррали алоқага эга. “Тенгри Таг” номи билан ҳам танилган Тиёншон тоғи бўйлаб инсонлар ўртасидаги алмашинув 2000 йил олдин бошланган ва бугунги кунда анча мустаҳкам асосга эга.

Маданий алоқаларимизнинг бугунги ижобий ҳолатига яқинда Хитой ижтимоий тармоғида кенг тарқалган туркманистонлик Кристина Григоряннинг “Янги Хитой қўшиғи” қисқа метражли ҳужжатли картинаси мисол бўла олади. Умуман, Марказий Осиё халқлари ва хитойликлар бир-бирининг замонавий адабиётидан доим завқланади. Фильм суратга олиш, маданий ёдгорликларни топиш ва қайта тиклаш йўлида бирга изланиш олиб боришади. Ҳатто, COVID-19 сингари турли трансмиллий муаммоларга қарши елкама-елка туриб курашади.

Хулоса шуки, Хитой элчиси Чжан Цян сафарга чиқиш асносида ўзаро ёрдамни кўзда тутган тенг ҳуқуқли шерикликни тасаввур этган, шуни мақсад қилган. Ҳеч кимда на талончилик, на бўйсуниш ва на бўйсундириш нияти бўлмаган. Бу эзгу ният ва хайрли тасаввур ўша даврда асос солинган Ипак йўли стратегиясини белгилади.

Бугун Марказий Осиё ва Хитойни яқин дўст, ҳамкор сифатида бирлаштирган қадрият ҳам айни шу. Зеро, кимдир янги даврда Марказий Осиёнинг ўз суверен йўлини белгилаб олган ҳар бир ғурурли халқи билан мулоқот қилишни истаса, шу ягона ва тўғри ёндашувга содиқ қолиши лозим.

И Фань,

халқаро шарҳловчи (Пекин, ХХР),

ЎзА