Бир рақам шарҳи
2025 йил натижаларига кўра, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик янги босқичга чиқди. Товар айланмаси ҳажми 106,3 миллиард долларни ташкил қилиб, йиллик ҳисобда 12 фоиз ўсди ва тарихда биринчи марта 100 миллиард доллардан ошди.
Бу ҳақда “Хитой – Марказий Осиё” лойиҳасини амалга ошириш бош котиби Сунь Вейдун маълум қилди ва ижобий динамика беш йил давомида сақланиб келаётганини қайд этди. Шунингдек, Хитой Марказий Осиё мамлакатлари учун биринчи марта энг йирик савдо шеригига айланди.

Марказий Осиё учун бу ҳақиқатан ҳам муҳим натижа ва унинг ортида ҳукуматлар, бизнес, маҳаллий маъмуриятлар ва логистика операторлари, шунингдек, сўнгги йилларда барпо этилган ҳамкорлик тизими турибди.
2025 йилда Хитойнинг Марказий Осиёга экспорти 71,2 миллиард долларга етди, ёки 11 фоиз ўсди. У юқори технологияли товарлар етказиб беришнинг ҳиссаси кескин ортгани билан боғлиқ. Марказий Осиёдан Хитойга импорт 35,1 миллиард долларни ташкил қилиб, у ҳам 14 фоиз кўпайди.

Албатта, бундай натижани том маънодаги умумий иқтисодий динамикадан узиб қараб бўлмайди. 2025 йилда Хитой ЯИМ 5 фоиз ўсиб, рекорд – 140,18 триллион юан (20 триллион доллардан ортиқ) даражасига етди. Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётлари ҳам дунёдаги энг юқори ўсиш суръатларидан бирини намойиш этмоқда: Халқаро валюта жамғармаси баҳолашича, 2026 йилда минтақанинг умумий ЯИМ 3,9 фоиз ўсади, 2027 йилда эса ўсиш суръати 4 фоизга етади.
Давлат раҳбарлари даражасида «Бир белбоғ, бир йўл» ташаббусини мувофиқликда амалга ошириш, Хитой ва Марказий Осиё ягона тақдир ҳамжамиятини шакллантириш барқарор ҳамкорлик учун замин яратди. Натижада савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, логистика ва трансчегаравий электрон савдо ривожланмоқда.
Эътиборлиси шундаки, ўсиш нафақат миқдорий, балки сифат жиҳатидан ҳам ижобий натижа кўрсатмоқда. Ўзаро алмашув товарлари турлари кенгаймоқда. Масалан, Ўзбекистон ҳар йили Хитой бозори учун янада кўпроқ миқдорда ва турдаги товар таклиф қилмоқда. Хитой эса технологик маҳсулотлар экспортини кенгайтирмоқда.

Минтақавий ҳамкорликнинг чуқурлашиши алоҳида эътиборга лойиқ. Ўзбекистон мисолида айтиш мумкинки, ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Хитой минтақаларига хизмат сафарига бормаган ҳудудий маъмурият вакиллари деярли қолмаган. Масалан, айни кунларда ҳам Фарғона вилоят ҳокимининг ўринбосари Нуриддин Мамажонов бошчилигидаги йигирмадан зиёд тадбиркорлар Хитойнинг турли вилоятларида инвестицион шартномалар тузмоқдалар. Хитой вилоятлари ҳукуматлари, тадбиркорлар ва бизнес доиралари ҳам Ўзбекистон вилоятларига, жумладан, Фарғонага мунтазам ташриф буюришмоқда.
Шу билан бирга, кенг қамровли ҳамкорлик янада ривожлантириш керак бўлган нуқталарни ҳам кўрсатиб турибди. Аввало, бу ўзаро алмашинув ва бизнес учун инфратузилмани ривожлантириш масаласидир. Ўзбекистон Президенти Хитойдан туристик оқимни кўпайтириш бўйича аниқ вазифалар қўймоқда. Ҳақиқатан ҳам кўрсаткичлар ўсяпти: 2025 йилда Хитойдан 278,9 минг сайёҳ мамлакатга ташриф буюрди. Бироқ меҳмонхона инфратузилмаси, махсус туристик йўналишлар, сервис ва транспорт логистикасини янада яхшилаш чораларини кўриш лозим.
Шу билан бирга, товар айланмаси 100 миллиард доллардан ошгани Хитой ва Марказий Осиё иқтисодиётларини интеграциялаштирувчи чуқур жараёнларни яққол намоён этмоқда. Агар ҳозирги динамика сақланса, сўнгги йилларда яратилган механизмлар амалиётда янада бойитилади ва бу ҳозирги рекорд натижа умумий ўзгариш йўлининг навбатдаги муҳим босқичига айланади.
Марказий Осиё – Хитой товар айланмаси 100 млрд.доллардан ошгани умуман Осиё иқтисодиётида интеграциялашувнинг нималарга қодирлигини кўрсатади. Ва унда Ўзбекистон иқтисодиётининг етакчи кучини намоён этди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА