Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов видеоконференция тарзида “Марказий Осиё – Хитой” ташқи иқтисодий ва ташқи савдо фаолиятига масъул вазирларнинг биринчи йиғилишида иштирок этди.
Мулоқот чоғида Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари билан ХХР ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати кўриб чиқилди. Алоқаларни янада ривожлантириш истиқболи, жумладан, савдо тартиб-таомилини эркинлаштириш ва соддалаштириш, инвестиция жалб қилиш, кўп томонлама савдо тизимини кенгайтириш, маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш ҳажмини ошириш, рақамли иқтисодиётни жорий этиш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, ҳудудлар аро шерикликни мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашилди.

Лазиз Қудратов “Марказий Осиё – Хитой” минтақасининг улкан транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлигини, шунингдек, юк ташиш узлуксизлигини таъминлаш ва трансчегаравий логистика тармоғини ривожлантириш бўйича тизимли ечим ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Ҳудудлар аро алоқани чуқурлаштириш бўйича ишни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, бизнес ҳамжамияти ҳамкорлигини кенгайтириш ва янги ўсиш нуқталарини кашф этиш мақсадида жорий йил иккинчи ярмида Ўзбекистонда Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ҳудудлари раҳбарлари форумини ўтказиш таклиф этилди.

Рақамли савдони кенгайтириш доирасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш истиқболи муҳокама қилинди. “Рақамлаштириш даврида иқтисодиёт ва савдони ривожлантириш дастури”ни ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди. Бу жараёнда минтақа мамлакатлари IT-парклари негизида “Интеллектуал Ипак йўли” қўшма платформасини яратиш кўзда тутилган.
Учрашув иштирокчилари имзоланиши режалаштирилган савдо-иқтисодий битимларни такомиллаштириш, шунингдек, “Хитой – Марказий Осиё” доирасида рақамли савдо бўйича ҳамкорликни назарда тутувчи меморандумлар муваффақиятли келишилгани қайд этилди.
Томонлар ўзаро манфаатли муносабатни янада кенгайтиришга қаратилган ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
ЎзА