French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиё: Умумий келажак йўлидаги кучли ирода синови
14:37 / 2026-01-12

2025 йил Марказий Осиё минтақаси учун сиёсий ҳамжиҳатлик, ўзаро ишонч ва умумий манфаатга таянадиган янги босқич шаклланаётганини яққол намоён этди.

Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашуви раислиги жараёни минтақани мустақил геосиёсий субъект сифатида қарор топтиришга қаратилган стратегик ҳаракат сифатида намоён бўлди. Эксперт Сайфиддин Жўраев ЎзА мухбирига таъкидлаганидек, Тошкент саммити Марказий Осиёнинг ички бирдамлик, ташқи дунё билан мулоқот маданияти ва умумий келажак учун масъулиятни биргаликда зиммасига олишга тайёрлигини очиқ ифода этди.

Озарбайжон Республикаси ҳамда Марказий Осиё давлатлари етакчилари иштирок этган анжуманда минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда устувор соҳаларда қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Озарбайжон Маслаҳат учрашувлари форматига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қўшилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ушбу стратегик қарор муштарак тарих, қардошлик риштаси, маънавий ва маданий яқинлик билан узвий боғланган халқларимиз манфаатига тўлиқ жавоб беради. Шунингдек, Маслаҳат учрашувларига кучли шиддат бериб, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, барқарор тараққиёт йўлида ҳамжиҳатликда қарорлар ишлаб чиқиш учун янги уфқлар очади.

Давлатимиз раҳбари ўз таҳлилида кейинги йилларда минтақада кечаётган интеграция жараёнидаги очиқ мулоқот ва умумий фаол саъй-ҳаракат туфайли кўплаб долзарб минтақавий муаммоларга самарали ечим топилганини таъкидлади.

Биринчидан, ҳудудий масалалар узил-кесил ҳал этилди: чегара пунктлари очилди, сув-энергетика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилди, транспорт алоқалари қайта тикланди, фаол савдо-инвестициявий ва гуманитар алоқалар учун қулай шароит яратилди.

Иккинчидан, минтақанинг жаҳон иқтисодиётига фаол интеграциялашуви кузатилмоқда. Жумладан, инвестициявий жозибадорлик ошмоқда, учинчи бозорларга экспорт имконияти кенгаймоқда, транзит салоҳияти ўсмоқда.

Учинчидан, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, терроризм ва экстремизм, трансчегаравий жиноятчилик таҳдидларига қарши курашиш бўйича тизимли чоралар кўрилмоқда.

Тўртинчидан, минтақанинг халқаро муносабатлар субъекти сифатидаги мавқеи мустаҳкамланиб, глобал масалалардаги ўрни мустаҳкамланмоқда. “Марказий Осиё плюс” форматидаги муносабатлар ривожланмоқда, минтақа нуфузли халқаро майдонларда ягона позиция билан майдонга чиқмоқда. Форматга Озарбайжон қўшилиши билан минтақанинг жаҳон ҳамжамиятидаги овози янада баланд янграши шубҳасиз.

Саммит доирасидаги тадбирлар юқори халқаро стандарт даражасида ўтказилди. Минтақавий шерикликнинг институционал асоси ва механизми тизимли равишда мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди.

Жумладан, Ўзбекистон раислиги даврида 20 дан ортиқ йирик тадбир муваффақиятли ташкил қилинди. Бош вазир ўринбосарлари даражасида Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми фаолияти йўлга қўйилди. Илк бор мудофаа идоралари, махсус хизматлар раҳбарлари, шунингдек геология, саноат, қишлоқ хўжалиги, экология ва маданият вазирлари йиғилишлари бўлиб ўтди. Марказий Осиё давлатлари етакчи аёллари мулоқоти муваффақиятли ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари урғу берганидек, мураккаб ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган халқаро сиёсий жараёнлар шароитида минтақа мамлакатларининг ҳамжиҳатлиги ва бир-бирини қўллаб-қувватлашини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади. Шавкат Мирзиёев, анъанага мувофиқ, минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.

Институционал такомиллашиш

Минтақавий мулоқотнинг маслаҳатлашув шаклини “Марказий Осиё ҳамжамияти” стратегик форматига айлантириш, Маслаҳат учрашувлари низомини ишлаб чиқиш, навбатма-навбат ишлайдиган Котибиятни таъсис этиш, миллий мувофиқлаштирувчилар мақомини Президентларнинг махсус вакиллари даражасига кўтариш, Оқсоқоллар кенгашини тузиш.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиш, маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, солиқ ва божхона тартиб-таомилини соддалаштириш, эркин иқтисодий ва саноат зоналаридан биргаликда фойдаланиш, кўрсатиб ўтилган барча масалаларни қамраб оладиган савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича 2035 йилгача мўлжалланган кенг қамровли минтақавий дастур қабул қилиш.

Умумий инвестиция макони тўғрисида декларация қабул қилиш, соҳага ёндашувни уйғунлаштириш, виртуал савдо майдончаси ва ишончли рақамли тўлов тизимини яратишга қаратилган электрон тижоратни ривожлантириш бўйича қўшма чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш.

Инфратузилма ва транспорт логистикаси

Минтақанинг юқори технологик инфратузилмаси ва транспорт-логистика салоҳиятини биргаликда ривожлантириш, электр станциялари ва узатиш тармоғи, автомобиль ва темир йўллар, чегара орқали ўтказиш манзиллари, “яшил йўлаклар”, оптик-толали тизим ва бошқа объектларни қуриш, мавжудларини такомиллаштириш бўйича стратегик аҳамиятга эга умумминтақавий лойиҳалар амалга ошириш учун саъй-ҳаракатни бирлаштириш.

“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли ва Трансафғон транспорт йўлаги қурилишига минтақалараро транспорт занжирининг устувор лойиҳалари сифатида қараш. Ҳудудни Европа давлатлари билан боғлайдиган Транскаспий йўналиши кенг имкониятга эга. Айни йўналишдаги ишларни мувофиқлаштириш учун Бош вазир ўринбосарлари даражасида Инфратузилмани ривожлантириш кенгашини тузиш.

Хавфсиз ва барқарор ривожланиш

Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш нуқтаи назаридан саммитда қабул қилинаётган ҳужжатлар – Минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепцияси ҳамда Таҳдидлар ва хатарлар каталогини юқори баҳолаш.

Афғонистондаги вазиятнинг хавфсизликка таъсирини ҳисобга олган ҳолда ва бутун минтақа барқарор ривожланиши учун ушбу мамлакатни минтақавий инфратузилма, энергетика ҳамда транспорт лойиҳаларига интеграция қилиш, “Фарғона тинчлик форуми”ни анъанага айлантириш.

Экология, иқлим, сув ресурслари масалалари

Марказий Осиёнинг “яшил” тараққиёт концепциясини тез фурсатда қабул қилиш муҳимлиги инобатга олиниб, 2026-2036 йилларни “Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилиш, қўшни Афғонистонни Амударё ҳавзаси сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга фаол жалб қилиш.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти негизида сув хўжалиги соҳасидаги минтақавий ваколатлар марказини ташкил этиш.

2026 йил Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган сувни тежаш бўйича Жаҳон форумида фаол иштирок этиш.

Ислом цивилизацияси марказини ёшларнинг жозибадор илмий ва маънавий-маърифий масканига айлантириш, саммит арафасида Тошкентда илк бор ўтказилган Маънавий мерос ва маърифат масалалари бўйича халқаро конгрессни мунтазам ўтказиб бориш.

Марказий Осиёнинг атоқли олим ва мутафаккирларининг глобал маърифат ривожига қўшган ҳиссасига бағишланган БМТ Бош Ассамблеяси махсус резолюциясини қабул қилиш.

Шунингдек, Илмий-таълим кооперацияси доирасида давлатлараро лойиҳаларни молиялаштириш, академик ҳамжамиятни рағбатлантириш ва сунъий интеллект технологиясини жорий қилиш имкониятини кенгайтириш учун Илмий тадқиқотлар фондини ташкил этиш масаласи кўтарилди.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари еттинчи Маслаҳат учрашуви якуни бўйича Қўшма баёнот қабул қилинди.

Саммитда Президентлар қуйидаги муҳим ҳужжатларни қабул қилдилар:

Қирғиз Республикасининг 2027-2028 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгаши муваққат аъзолигига номзодлиги юзасидан БМТга аъзо давлатларга мурожаат;

Озарбайжон Республикасининг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этиши тўғрисидаги қарор;

Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепцияси;

Марказий Осиё хавфсизлигига хатарлар каталоги ва таҳдидларнинг олдини олиш бўйича 2026-2028 йилларга мўлжалланган чоралар.

Геосиёсий зиддият чуқурлашиб, глобал институтлар трансформацияси, ресурслар ва бозорлар учун рақобат кучайиб бораётган шароитда ушбу тадбир ва шу вақтгача Ўзбекистонда ўтган саммитлар юқори даражада ташкил этилиши, кўп қиррали мулоқот олиб борилиши, айниқса Маслаҳат учрашувига Ўзбекистон раислик қилгани ва анжуманда самарали натижаларга эришилгани нафақат минтақа, балки халқаро миқёсда беқиёс аҳамият касб этди.

Тошкентда ўтказилган саммит минтақа давлатлари янада яқин ҳамкорликка, минтақа манфаати йўлида ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва кун тартиби бўйича масъулиятли ҳамда самарали келишувларга эришишга тайёрлигини амалда намоён қилди. Муҳокама қилинган мавзулар бошланган ҳаракатларни изчил давом эттириш заруратини тасдиқлади.

Умуман, 2025 йил Ўзбекистон тарихида мамлакатнинг ташқи сиёсий позициясига стратегик таъсир кўрсатган воқеалар билан эсда қолиши шубҳасиз. Мамлакатимиз халқаро майдондаги мавқеини янада мустаҳкамлади, инвестициявий жозибадорликни ошириш, фуқаролар фаровонлигини яхшилаш учун дипломатик шарт-шароитлар сезиларли даражада яхшиланди.

Хулоса қилиб айтганда, минтақамиз жаҳон сиёсатининг яхлит, тўлақонли субъектига айлангани намоён бўлди. Зеро, глобал майдонда халқаро ҳамжамиятнинг эътибори тобора ортаётган Марказий Осиёга нисбатан муносабат кескин ижобий томонга ўзгаргани шундан далолат.

Мусулмон Зиё тайёрлади. ЎзА