Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг мажлисида Ўзбекистоннинг Қирғизистон ва Туркманистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.
Мажлисда элчихоналар ўз фаолиятини икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, олий ва юқори даражадаги ташрифлар доирасида қабул қилинган “йўл хариталари”ни ижро этиш бўйича изчил ишларни амалга ошираётгани қайд этилди.

Инвестицияларни жалб қилиш, миллий маҳсулотлар экспортини ошириш, хорижий туристларнинг мамлакатимизга қизиқишини ошириш, ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш каби йўналишларда ҳам самарали фаолият олиб борилмоқда.
Кейинги йилларда Марказий Осиё тинчлик, яхши қўшничилик, шериклик ва барқарор тараққиёт минтақасига айлангани таъкидланди. Хусусан, Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида илгари сурган минтақавий шериклик ва иқтисодий интеграцияни янада ривожлантириш бўйича ташаббусларини ҳаётга татбиқ қилиш муҳимлигига алоҳида эътибор берилди.

Эшитувда қўшни мамлакатлар билан ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик алоқаларини, савдо-иқтисодий, кооперация, транспорт-логистика, туризм, маданий алоқаларни янада ривожлантириш масалалари устувор вазифа экани таъкидланди.
Шу билан бирга, парламентлараро ҳамкорлик ва халқ дипломатияси, ҳудудлараро ҳамкорлик, айниқса, чегарадош вилоятлар ҳамда туманларнинг иқтисодий ва маданий ҳамкорлиги, шунингдек, ҳудудларнинг маҳаллий кенгашлари ўртасида алоқаларни янада фаоллаштириш лозимлиги қайд этилди.
Мажлис якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА