Термизда Марказий Осиё тадбиркор аёлларининг минтақалараро форуми бўлиб ўтди.
"Тадбиркор аёл" халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси, Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ҳамда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида ташкил этилган анжуман “Ҳунармандчиликда электрон тижорат–Марказий Осиё аёллари бизнесидаги асосий ўзгаришлар драйвери” мавзуига бағишланди.
Минтақамиз ҳунармандлари ўртасида истиқболли бизнес лойиҳаларни амалга оширишда аниқ келишувларга эришиш учун қулай шароит яратишга йўналтирилган форумда Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва афғонистонлик юзга яқин тадбиркор хотин-қиз иштирок этди. Форумда Қирғизистон давлати ҳунармандлари онлайн қатнашди.
Анжуманнинг тантанали очилиш маросимида Сурхондарё вилоят ҳокимлиги Улуғбек Қосимов, "Тадбиркор аёл" халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси Гулнора Маҳмудова, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Сергей Сизов анжуман иштирокчиларини нуфузли тадбир билан табриклади. Мамлакатимизда кейинги йилларда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ва ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича сўз юритди. Ўтмишдан ҳунармандчилик ривожланган минтақамиз ҳунарманд аёллари тадбиркорлигида электрон тижоратни кенг йўлга қўйишнинг аҳамияти тўғрисида фикр алмашди.
"Тадбиркор аёл" халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси ўз сафига мамлакатимиздаги 17 мингдан ортиқ тадбиркор хотин-қизни бирлаштирган. Ассоциация ташкил топган 1991 йилдан буён мамлакатимизнинг шаҳар ва қишлоқларида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, гендер тенглигига эришиш, янги иш ўринлари яратиш, иқтисодиётда хотин-қизлар салоҳияти ва инсон капиталидан тўлиқ фойдаланишга қаратилган 100 дан ортиқ лойиҳани амалга оширган. Бу жараёнда ЕХҲТ, БМТ, БМТТД, USAID, ЕТТБ, ИТБ каби қатор халқаро ташкилотлар билан узвий ҳамкорлик ўрнатиб, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликка ўргатиш, аёллар миграцияси, гендер тенглиги ва иқтисодий интеграция, савдонинг глобаллашуви ва янги иш ўринлари яратиш сингари муҳим масалаларни ҳал этмоқда.
Мамлакатимиз жанубида Марказий Осиё тадбиркор аёлларини бирлаштирган мазкур анжуман ҳам минтақада миллий ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, аёлларнинг тадбиркорликдаги иштирокини кенгайтириш, инфратузилма ва ресурслардан фойдаланиш, хотин-қизларни иш билан банд қилишнинг минтақавий муаммолари, ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кўмаги, Марказий Осиё аёллари ўртасида ҳунармандчиликни ривожлантиришни мониторинг ва таҳлил қилиш тизимини шакллантириш каби муҳим масалалар муҳокама этилаётгани билан барчада катта қизиқиш ўйғотди.
Минтақавий форумнинг биринчи сессия йиғилишида "Марказий Осиёнинг анъанавий ва замонавий ҳунармандчилигида рақамли ечимлар ва бизнес жараёнларини автоматлаштириш" мавзуи атрофлича муҳокама этилди. Унда ИТ-Парк директорининг таьлим бўйича ўринбосари М.Муксинованинг "Аёллар бизнесида электрон тижорат:ҳунармандчиликда рақамли иқтисодиёт йўлидаги қийинчиликлар ва имкониятлар",ўз-ўзини иш билан банд қилган аёллар учун онлайн плотформа-coolin. uz лойиҳаси менеджери А. Архангельскийнинг "Электрон тижоратда аёллар иштироки:ривожланиш тенденцияси", Unido лойиҳасининг Тожикистондаги координатори С. Жунайдованинг "Экспорт ва электрон тижоратга йўналтирилган маҳсулотларни ишлаб чиқаришда халқаро сифат стандартларини тадбиқ этиш", Туркманистон "Ишбилармон аёллар" уюшмаси бизнес маслаҳатчиси Р.Иконниковнинг "Марказий Осиё ҳунарманд аёлларини халқаро электрон савдо майдончаларига олиб чиқиш" мавзуларида қизиқарли маьрузалари тингланди. Иштирокчилар ўзаро тажриба алмашди.
–Дунёда электрон тижоратдан фойдаланиш маҳсулотларни реклама қилиш ва сотишда яхши самара бермоқда,–дейди Тожикистон Республикаси “Гулдастон” унитар корхонаси раҳбари Шаҳло Ватанова.– Минтақамиз давлатларининг ҳунарманд аёллари тижоратнинг замонавий усулини кенг муҳокама қилганимиз ва ўзаро тажриба алмашганимиз албатта, ўз самараларини беради. Замонавий платформа яратишимизга кўмаклашади.
Анжуманнинг иккинчи сессия йиғилишида "Марказий Осиё ҳунарманд аёлларининг рақамли тажрибаси" мавзуига оид масалалар кўриб чиқилди. Унда Women MBA бизнес–акселераторининг асосчиси Юлия Метелица “Ҳунарманд аёлларнинг даромад манбалари”, Тожикистон Республикаси “Гулдастон” унитар корхонаси раҳбари, “Шаҳлои Ватан” бренди асосчиси Шаҳло Ватанова “Ҳунармандчилик маҳсулотларини реклама қилишда электрон тижорат ва бозорлардан фойдаланиш”, “Canaan travel” компанияси бош директори Ольга Ни “Аёлларни электрон e-commerce бизнес соҳасига жалб қилиш”, “DREAM S SHAHRINAZ” корхонаси раҳбари Нилуфар Жўраева “Ўзбек миллий каштаси–япон ҳунармандлари учун янги бренд” мавзуидаги тақдимотини ўтказди. Қирғизистондаги “DAN” модалар уйи асосчиси, “КУРАК” ассоциацияси аъзоси Айдан Касималиева “Минтақа тадбиркор аёлларининг даромад манбалари” мавзуидаги тақдимоти билан онлайн қатнашди.
–Форум биз кутганимиздан ҳам самарали бўлди,–дейди Наманган вилояти Тўрақўрғон туманилик ҳунарманд Қаноат Нуриддинова.– Ўтган йили Дубай шаҳрида ўтказилган кўргазмада зардўзлик, тикувчилик, каштачилик, миллий қўғирчоқлар каби ҳунармандлик буюмларимиз кўпчиликда катта қизиқиш ўйғотган эди. Эндиликда электрон савдо орқали маҳсулотларимизни дунёга янада кенг реклама қилиш ва сотишга эришамиз. Бу борада қўшни давлатлардан келган ҳунармандлар билан тажриба алмашганимиз электрон тижоратни ривожлантиришимизда жуда қўл келади.
Форум қатнашчилари Термиз шаҳридаги “Санъат саройи” да ташкил этилган ҳунарманд аёллар кўргазмаси билан яқиндан танишди. Сурхондарё вилоятининг тарихий обидалари ва археологик ёдгорликларини томоша қилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири