Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди. Саммит давомида иқтисодий интеграция, савдо-логистика, транспорт, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш масалалари батафсил муҳокама қилиниб, минтақа келажаги учун устувор йўналишлар белгилаб олинди. Айниқса, ташқи иқтисодий фаолият ва божхона тизимининг иқтисодий тараққиётни жадаллаштиришдаги ўрни алоҳида эътироф этилди.
Яқинда “Янги Ўзбекистон” газетасида эълон қилинган “Марказий Осиё янги давр остонасида” сарлавҳали мақоласида муҳтарам Президентимиз Марказий Осиё минтақаси янги тарихий босқичга кириб келаётгани, давлатлар ўртасида чинакам бирдамлик, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муҳити шаклланаётганини алоҳида таъкидлаган эди. Кўп йиллар давомида долзарб бўлиб келган чегара масалалари тўлиқ ҳал этилгани ушбу бирдамликнинг амалий ифодаси бўлиб, бир пайтлар элларни ажратиб турган чизиқлар бугун минтақани боғловчи дўстлик ва ҳамкорлик кўпригига айланмоқда.
Анжуман доирасида савдо жараёнини соддалаштириш, божхона тартиб-таомилини такомиллаштириш, чегара-ўтказиш манзилларида замонавий инфратузилма яратиш, рақамли божхона амалиётини кенг жорий этиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди. Янги қўшма логистика лойиҳалари амалга ошириш, мультимодал ташиш имкониятини кенгайтириш ва “рақамли йўл хариталари”ни шакллантириш минтақа интеграциясини чуқурлаштиришга кўмаклашади.
Шунингдек, товарларни чегара орқали ўтказишни енгиллаштириш, солиқ-божхона имтиёзини ўзаро мувофиқлаштириш, бизнес учун қулай, барқарор шароит яратиш масалалари ҳам кун тартибининг муҳим қисмига айланди. Давлатлар ўртасидаги бундай яқин ҳамкорлик ташқи савдо оқимини тезлаштириш, транспорт-логистика харажатини қисқартириш ва минтақанинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Мазкур саммит натижалари Марказий Осиёда божхона тизими тубдан модернизация қилиниши, савдо алоқалари кескин фаоллашуви ва иқтисодий интеграция жараёни янги босқичга кўтарилаётганидан далолат. Бу эса минтақа давлатлари учун нафақат иқтисодий, балки стратегик аҳамиятга эга улкан имкониятлар эшигини очади.
Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик мисоли сифатида Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан муносабатида ҳам жадал ўсиш суръати кузатилмоқда. Хусусан, Қозоғистон билан ўзаро савдо 15 фоиз ўсиб, 4 миллиард долларга етди, 2030 йилгача айни кўрсаткич 10 миллиард долларга етиши кутиляпти. “Марказий Осиё” саноат кооперацияси маркази очилиши ва 1,3 миллиард долларлик қўшма лойиҳалар йўлга қўйилиши ҳам шерикликни янги босқичга кўтаради.
Ўзбекистон – Озарбайжон алоқаларида ҳам савдо ҳажми 15 фоиз ошиб, автомобилсозлик, энергетика ва туризм каби соҳаларда қўшма лойиҳалар фаоллашди.
Қирғизистон ва Тожикистон билан ҳамкорлик доирасида ўзаро савдо ва саноат кооперациясини кенгайтириш, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва инфратузилма соҳаларидаги лойиҳаларни жадаллаштириш устувор вазифалар бўлиб қолмоқда.
Туркманистон билан стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, сиёсий, иқтисодий, сув-энергетика, транспорт, маданий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари олий даражада муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда чегара инфратузилмаси янгиланиши, транспорт йўллари диверсификация қилиниши, рақамли божхона платформалари жорий этилиши ҳамда маъмурий тўсиқларни қисқартириш бўйича амалга оширилган ишлар минтақадаги улкан ташқи иқтисодий салоҳиятни яна бир бор намоён этди.
Шунга қарамай, техник регламентни мувофиқлаштириш, логистика харажатини қисқартириш ва ноқонуний товар айланмасига қарши курашиш каби вазифалар ҳамон долзарблигини сақлаб турибди.
Тошкентдаги еттинчи Маслаҳат учрашувида белгилаб берилган вазифалар божхона амалиётини рақамлаштириш, савдо жараёнини шаффофлаштириш ва эркин иқтисодий ҳудудлардаги ҳамкорликни кенгайтириш орқали Марказий Осиёни жаҳон иқтисодий харитасида муҳим логистика ва савдо марказига айлантиришга хизмат қилибгина қолмай, минтақанинг барқарор ривожланиши ва иқтисодий интеграциясида янги босқични бошлаб бериши шубҳасиздир.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, муҳтарам Президентимизнинг қуйидаги фикрлари Марказий Осиё олдида турган улкан масъулият ва имкониятларни яққол ифодалайди:
– Бугун Марказий Осиёни кенг минтақамизда яшаётган барча миллат ва халқлар учун ягона тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт маконига айлантирадиган ушбу тарихий суръатни сақлаб қолишимиз ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
Раҳмонқул Шоимқулов,
Ташқи иқтисодий фаолият
илмий маркази етакчи илмий ходими
ЎзА