Жаҳон матбуоти саҳифаларида
Украинадаги воқеалар сабабли Ғарбнинг автомашина ишлаб чиқарувчи компанияларининг Россия бозоридан оммавий чиқиб кетиши россияликларни танловсиз қолдирмайди.
AutoNet Миллий технология ташаббуси бозори экспертлари шу фикрни билдиришди. “BMW, Mercedes-Benz, Skoda, Volkswagen ва бошқа брендлар Россияга машина етказиб бериш ва машина ишлаб чиқаришга чекловлар қўйганидан сўнг россияликлар Хитой ва Корея автомашиналарини харид қила бошлайдилар”, - деб маълум қилди таҳлилчилар. Уларнинг фикрича, қўшни давлатлар, хусусан Ўзбекистон ва Қозоғистон мамлакатлари ёрдамида фойдаланилган автомобиллар бозори ривожланади.
Яқин келажакда, Жанубий Корея, Хитой ва Ҳиндистондан янги автомобиллар сотилиши эҳтимоли юқори, деб таъкидлайди мутахассислар. “Масалан, Жанубий Корея Россияга автомобиль етказиб бермасликни режалаштиргани йўқ. Хитойга келадиган бўлсак, расмий маълумотларга кўра, сўнгги йилда бозоримизда Хитой автомашиналарининг улуши 6,5% гача ошди. Haval русумидаги автомашиналар эса, бозоримизнинг биринчи ўнталигига кирган. Рақамлар бундан кейин ўсиб борайверади”, - дейди Simble компанияси бош директори Станислав Пушевский. Айни дамда Ўзбекистонда автомобиль саноатини ривожлантириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди. Ҳукумат бу борада мамлакатни халқаро даражага олиб чиқишни режалаштирмоқда.
И. Абдумаликзода тайёрлади, ЎзА.