Марказий Осиё давлатлари ва Россия Федерацияси ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда янги формат – Марказий Осиё+Россия доирасида изчил ривожланмоқда. Мазкур форум давлат раҳбарлари, вазирлар ва ишбилармон доираларни бирлаштириб, минтақавий ҳамкорлик учун стратегик аҳамият касб этмоқда. Навбатдаги анжуманга Тожикистоннинг Душунбе шаҳри мезбонлик қилмоқда.
Форматнинг шаклланиши
Марказий Осиё+Россия форматининг дастлабки юқори даражадаги йиғилиши 2022 йил 14 октябрда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтказилди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этди. Саммитда мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, мавжуд геосиёсий вазиятда, жумладан озиқ-овқат, хом ашё ва логистика нархи ошиши шароитида умумий савдо-иқтисодий ва бошқа манфаатларни ҳимоя қилиш масалалари кўтарилди.
Минск учрашуви
2024 йил 12-13 апрель кунлари Беларуснинг Минск шаҳрида Ташқи ишлар вазирлари даражасида учрашув ўтказилди. Мазкур йиғилишда минтақадаги сиёсий мулоқот механизмини такомиллаштиришга эътибор қаратилиб, РФ билан шериклик йўналишлари белгилаб олинди. Шунингдек, хавфсизлик, иқтисодиёт, транспорт ва энергетика соҳалари билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди. “Яшил энергия”, сув ресурслари ва экологияга оид ташаббуслар кун тартибида алоҳида ўрин тутди. Ўзбекистон, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Россия ТИВ делегациялари биргаликда кўп томонлама ҳамкорлик, хусусан иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга доир таклифларни кўриб чиқди.
Минскдаги асосий йўналишлар
Хавфсизлик ва сиёсий мулоқот – Афғонистон ва Суриядаги вазият ҳамда минтақа барқарорлиги масаласи муҳокама қилинди.
Транспорт ва логистика – янги транзит йўлаклар, хусусан “Шимол – Жануб” ва “Транс-Афғон” йўналиши муҳокама қилинди.
Экология ва сув ресурслари – минтақада сув танқислиги ва иқлим ўзгариши оқибатига қарши чоралар белгилаб олинди.
Энергетика ва инвестиция – нефть-газ, атом энергетикаси ва қазиб чиқариш соҳаларида кўшма лойиҳаларга эътибор қаратилди.
2024 йил 27 май куни Ўзбекистон ва Россия ўртасида энергетика ва инвестиция соҳаларида муҳим ҳужжатлар имзоланди. “Росатом” билан ҳамкорликда Ўзбекистонда илк атом электр станцияси қурилиши бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, Қозоғистон ҳам илк бор АЭС қуриш учун ҳамкор сифатида “Росатом”ни танлади.
Мутахасисслар фикрича, “Марказий Осиё+Россия” формати РФ учун минтақада стратегик дипломатик канал вазифасини бажаради. Шу билан бирга Марказий Осиё учун ташқи сиёсатда мувозанатни сақлаш, иқтисодий манфаатларни ҳимоя қилиш ҳамда трансмиллий лойиҳаларда фаол иштирок этиш имконини яратади.
Минск учрашуви ва аввалги форумлардан фарқли ўлароқ, эндиликда мазкур формат нафақат сиёсий мулоқот майдони, балки барқарор тараққиёт ва минтақавий интеграция учун муҳим механизмга айланиб бормоқда.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА