Марказий Осиё қадим цивилизациялар чорраҳаси сифатида шаклланган ва бугунги кунда геосиёсий ҳамда геоиқтисодий жиҳатдан алоҳида аҳамият касб этаётган ҳудуддир. Ушбу минтақа Шарқ ва Ғарбни боғлаб турган стратегик кўприк сифатида тарихан савдо, маданият ва илм-фан алмашинувининг муҳим маркази бўлиб хизмат қилган.
Қадимда Буюк Ипак йўли орқали ўтган савдо йўллари Марказий Осиёни жаҳон цивилизациялари туташган нуқтага айлантирган. Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарлар нафақат иқтисодий, балки илмий-маърифий марказ сифатида ҳам юксалган. Минтақанинг бой табиий ресурслари, жумладан нефть, газ ва қимматбаҳо металлар захиралари унинг замонавий дунё иқтисодиётидаги ўрнини янада мустаҳкамламоқда.
Сиёсатшунос Сайфиддин Жўраев фикрича, сўнгги йилларда, айниқса 2017 йилдан кейин минтақа мутлақо янги босқичга қадам қўйди. Бугун минтақа халқаро муносабатларнинг фаол субъекти сифатида эътироф этилмоқда ва глобал сиёсий жараёнларда мустақил позицияси билан иштирок этмоқда.
Минтақадаги янги сиёсий муҳит, аввало, давлатлар ўртасида стратегик боғлиқликни англаш ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган сиёсат натижасидир.
Ортга қайтмас жараён
Ўзбекистон ташаббуси билан 2017 йилдан бошлаб минтақа ичидаги мулоқот ва ҳамкорлик изчил ривожланди. Геосиёсий, геоиқтисодий ва геомаданий жараёнларда минтақа давлатлари манфаатларининг уйғунлашуви амалда тасдиқланди. Албатта, барча масалаларда тўлиқ мослик мавжуд эмас, аммо тизимли мақсадлар ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш механизмлари манфаатлар тўқнашувининг олдини олмоқда.
Глобал тартиботда янги куч марказлари шаклланаётган бир пайтда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш эҳтиёжи ҳам ортиб бормоқда. Бундай шароитда Марказий Осиё анъанавий ва янги геосиёсий марказларни боғловчи, уларни уйғунлаштирувчи омил сифатида намоён бўлмоқда.
“Марказий Осиё плюс” формати — минтақанинг янги дипломатик платформаси
Россия, Хитой, АҚШ, Европа Иттифоқи, Япония каби йирик давлатлар Марказий Осиёни яхлит минтақавий шерик сифатида қабул қилмоқда. Бумуносабатлар “Марказий Осиё плюс” форматлари орқали янги босқичга кўтарилди.
2025 йилда “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи”, “Марказий Осиё — Хитой”, “Марказий Осиё — Россия” ва “Марказий Осиё — АҚШ” саммитларининг давлат раҳбарлари даражасида ўтказилиши минтақанинг глобал сиёсатдаги стратегик аҳамияти ошиб бораётганини кўрсатди. Бу форматлар инвестицияларни жалб этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва ташқи ҳамкорлар билан тенг ҳуқуқли мулоқотни йўлга қўйиш учун янги имкониятлар очмоқда.
Бошқача айтганда, Марказий Осиё энди ташқи таъсир объекти эмас, балки халқаро муносабатларнинг мустақил иштирокчиси сифатида ўз позициясини мустаҳкамламоқда.
Трансафғон темир йўли — янги иқтисодий кўприк
Марказий ва Жанубий Осиёни боғлайдиган Трансафғон темир йўли қурилиши минтақавий интеграция учун муҳим қадам бўлди. Лойиҳа савдо, инвестиция ва транспорт соҳаларида ўзаро боғлиқликни кучайтиради, шунингдек Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига туртки беради.
Ўзбекистон илгари сурган позицияга кўра, Афғонистон умумий тинчлик ва тараққиёт маконининг ажралмас қисмига айланиши зарур. Бу нафақат минтақанинг барча давлатлари манфаатларига жавоб беради, балки жанубий сарҳадларда барқарорлик белбоғини шакллантиришга хизмат қилади.
Янги босқич: умумий таҳдидларга биргаликда жавоб
Бугун минтақа икки томонлама масалаларни ҳал қилишдан ташқари, иқлим ўзгариши, энергетик ўтиш, сув ва озиқ-овқат хавфсизлиги, рақамли трансформация каби умумий таҳдидларга биргаликда ечим изламоқда. Бу эса ўзаро ишонч ва масъулиятга асосланган ҳамкорликнинг янги уфқларини очмоқда.
Маълумки, замонавий дунёда барқарор тараққиёт савдо, инвестиция, транспорт коридорлари ва илғор технологияларга таянади. Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиёни “катта ўйин” саҳнасига айлантирмаслик стратегик аҳамият касб этади.
Глобал ноаниқлик шароитида яхши қўшничилик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш минтақанинг энг катта ресурсига айланмоқда.
Бугунги ўзгаришлар – онгли ва ортга қайтмас танлов. Бу йўл нафақат биргаликдаги саъй-ҳаракатларни, балки умумий келажак учун масъулиятни ҳам талаб этади. Марказий Осиё тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт маконига айланиши учун ушбу тарихий суръатни сақлаб қолиш ҳар қачонгидан муҳим.
Мусулмон Зиё, ЎзА