Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиё озиқ-овқат хавфсизлиги масаласига жиддий қарайди
17:55 / 2023-08-02

Пойтахтимизда ўтган “Марказий Осиё: ўзгаришлар даврида барқарор ривожланиш” мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этган Марказий Осиё халқаро институти етакчи илмий ходими Нурмуҳаммад Бахтиёров ЎзА мухбирига берган интервьюсида минтақа жипслашуви натижасида эришилган ютуқлар, шунингдек, долзарб муаммо – озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи хусусида фикр билдирди.

– МОХИда юқори даражада ташкил этилган давра суҳбати конструктив фикр алмашиш баробарида минтақамизни янада ривожлантиришга оид муҳим таклиф, ташаббусларни муҳокама қилиш учун имкон яратди.

Тадбир иштирокчилари Марказий Осиёда сўнгги йилларда эришилаётган ютуқлар ҳақида айрим маълумотларни эълон қилишди, беш мамлакат иқтисодий тараққиётини юксалтиришга хизмат қилаётган муҳим жиҳатларга эътибор қаратишди.

Экспертлар таъкидлашича, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан янада яқинлашиш, яхши қўшничилик муносабатини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсати дунё ҳамжамияти томонидан ҳар томонлама эътироф этилмоқда, қўллаб-қувватланмоқда.

Минтақада ўзаро манфаатли ҳамкорликни узоқ муддатли шерикликка айлантириш учун етарли салоҳият мавжуд. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан товар айирбошлаш кўрсаткичи 2016 йилдан буён бир неча марта ўсиб, хусусан, Қозоғистон билан 2 баробар, Қирғизистон билан эса 7,5 баробар ошгани эътиборга лойиқ.

Мутахассислар Президентимизнинг қайта сайланиши барча соҳаларда ҳудудлараро ҳамкорликни тизимли мустаҳкамлаш сиёсати изчиллигини таъминлаши, минтақа барқарор ривожланишига хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Муҳокама чоғида минтақа олдида турган кўпгина муаммолар, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳам ўртага ташланди. Юзага келиши мумкин бўлган хатарларга қарши туришнинг асосий элементи – умумий озиқ-овқат бозорини яратиш бўйича мамлакатлар саъй-ҳаракатини бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигига янги, экологик тоза ва сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш маҳсулот таннархини пасайтириши, аҳолининг зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан ўзини ўзи таъминлаши даражаси ошишига самарали таъсир кўрсатиши маъқулланди.

ЎзА мухбири

Беҳруз Худойбердиев ёзиб олди.